Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Кўп миллатли халқимиз шу кунларда Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик санасини баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан нишонлаш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Айнан 1991 йил 31 август куни халқимиз ўз Ватани, тақдири ва келажагига ўзи эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Дунё харитасида Ўзбекистон Республикаси – янги суверен ва мустақил давлат пайдо бўлди.
Ўтган тарихан қисқа вақт давомида элимизнинг фидокорона меҳнати ва қатъияти билан миллий ўзлигимиз, қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, эзгу қадрият ва анъаналаримиз қайта тикланди, давлат ва жамият ҳаётининг туб асослари ўзгариб, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди.
Мустақил тараққиёт йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларимизни изчил давом эттириш, барча соҳа ва тармоқлар ривожини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида бугунги кунда юртимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро эркин ва фаровон яшайдиган янги жамият ва давлат барпо этилмоқда.
Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалар, хусусан, янгиланган Конституциямизнинг қабул қилиниши эл-юртимиз Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётганини яна бир бор яққол тасдиқлади.
Айниқса, иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш ва тадбиркорликка кенг йўл очиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, тиббий хизматлар ва таълим сифатини жаҳон стандартларига мослаштириш, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, юртимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш йўлида эришаётган натижаларимиз тобора яққол намоён бўлмоқда, уларни ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида сезмоқда, ҳис этмоқда.
Дунёдаги мураккаб сиёсий-иқтисодий вазиятга қарамасдан, бошлаган ислоҳотларимизни изчил давом эттириб, янги босқичга олиб чиқишда биз учун барча ютуқларимиз омили, куч-ғайрат, ғурур ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилаётган Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллигини Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт даражаси, шону шуҳратига мос ҳолда муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) таркиби 1-иловага мувофиқ;
“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури (кейинги ўринларда – Дастур)
2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Республика комиссияси (А. Арипов):
Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг самарали бажарилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамининг (кейинги ўринларда – Мустақиллик байрами) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда нишонланишини таъминласин;
барча ҳудудларда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Мустақиллик байрамига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, “уч авлод учрашуви” тадбирлари, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, миллий кино кунлари, гастрономик фестиваллар, сайиллар, маданият ва спорт тадбирларини самарали ўтказиш мақсадида атоқли илм-фан намояндалари, маданият ва санъат арбоблари, таниқли спортчилардан иборат тарғибот гуруҳларини ташкил этсин ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб боришини таъминласин;
белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳисоботларини ўз йиғилишларида мунтазам равишда эшитиб борсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга юқори профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, бастакор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, мақом ва бахшичилик санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилсин.
4. Жойларда Мустақиллик байрамини юртдошларимизнинг талаб ва истаклари асосида, бугунги давр руҳига ҳамоҳанг тарзда нишонлаш мақсадида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:
янгиланган Конституциямиз мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказиш;
сўнгги йилларда республикамиз иқтисодиётининг барча тармоқларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни аниқ мисоллар асосида кенг ёритиш;
“Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор” деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини очиб бериш;
соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ижтимоий дастурларга алоҳида эътибор қаратиш;
мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш;
Ватанимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ҳарбий жанговар қудратини ошириш ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, “Халқ ва армия – бир тану бир жондир!” тамойилини рўёбга чиқариш мақсадида амалга оширилаётган ишларни кенг тарғиб этиш;
Мустақиллик байрами муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, меҳнат фахрийлари, нуроний отахон ва онахонларимиз, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда эътибор ва кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш.
5. Маданият вазирлиги (О.Назарбеков):
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб ўтказиладиган театрлаштирилган концерт томошасининг дастури ва сценарийсини ишлаб чиқсин ҳамда мазкур концерт томошасини юксак ғоявий-бадиий савияда тайёрлаш чораларини кўрсин;
Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан биргаликда “Она диёр ранглар жилосида”, “Ватан учун яшайлик!”, “Энг улуғ, энг азиз” каби анъанавий кўрик-танловларни юқори даражада ўтказишни таъминласин;
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан биргаликда юртимиз истиқлолини тараннум этувчи энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари танловининг якуний босқичини ўтказсин;
мазкур танловларнинг ғолиб ва совриндорларини Мустақиллик байрами арафасида эълон қилиш ва тантанали равишда тақдирлаш чораларини кўрсин.
6. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – тегишли маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;
Тошкент шаҳрида – Республика комиссияси томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштирилади.
7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Мустақиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси О.К. Абдурахманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2023 йил 27 июль
uza.uz сайти материаллари асосида тайёрланди