
ЎЗБЕКИСТОНДА КОРРУПЦИЯНИ ЖИЛОВЛАШ МУМКИНМИ? ДУНЁ ДАВЛАТЛАРИДА БУ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА?
(давоми)
Карим БАҲРИЕВ.
СИНГАПУР
Мустақилликка эришган вақтда Сингапурда коррупция ниҳоятда авж олган эди. Ли Куан Ю бу даврни шундай ифодалайди: “Коррупцияни йўқотишда ишни ўз дўстларингиздан учтасини панжара ортига ўтқазишдан бошланг. Нима учунлигини сиз ҳам, улар ҳам яхши биласизлар… Иккинчи омил – бозор даражасига мос келувчи маошдир”.
***
Сингапурда коррупцияга қарши ишончли, институционал ва комлекс тизим яратилди. Бу тизим мустаҳкам қонунлар, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, давлат хизмати ҳамда жамоатчилик назоратини қамраб олди… Бугун бирор бир сингапурлик муаммони пора эвазига ҳал қилмайди, порага дуч келса, давлат идорасини хабардор қилади.
ХИТОЙ
Буни Шарқ дейдилар. Хитойда бошқарув тизими асрлар давомида коррупциянинг турли кўринишларини одатга айлантирган, пора қарийб қонунийлашган бўлган. Масалан, Цин династияси даврида давлат амалдори совға билан келмаган мурожаатчини қабул қилмаслик ҳуқуқига эга бўлган. Майдароқ амалдорга ғоз, каттароқ лавозимли амалдорга эса бутун бошли тўнғизни совға қилиш керак бўлган.
* * *
Бу ерда коррупцияга қарши дунёдаги энг қаттиқ қонунлар ҳаётга тадбиқ этилган, катта миқдорда коррупция жиноятини содир этганлар умрбод озодликдан маҳрум этилиши ёки ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
…Офицер каскада ва қора кўзойнакда турибди. Чўккалаб олган айбдорларнинг кўзлари боғланган. Жаллод тўппончасини чиқаради ва айбдорларни гарданига ўқ узади. Худдики оддий ишини қилгандек. Сюжет тахминан беш сония давом этади. Сўнг диктор ним табассум ва расмий овозда шундай дейди: “Ҳурматли ўртоқлар, сиз ҳозиргина коррупционер-амалдорларнинг қатлини томоша қилдингиз. Энди эса эртанги об-ҳаво маълумотлари билан танишинг”.
* * *
Хитойлик экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, ХХРнинг коррупция туфайли иқтисодий йўқотишлари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 13-17 фоизини ташкил қилади. Давлат маблағларининг 20 фоизга яқини ноҳалол амалдорларнинг чўнтагига бориб тушган.
* * *
Хитойда коррупционерларнинг миллиардлик мол-мулки мусодара қилиниб, уларнинг оиласига қатл пайтида ишлатилган икки дона ўқ учун 8 юан миқдорида ҳисоб ҳам юборилади.
* * *
Сўнгги 30 йил давомида Хитойдан 4 мингдан ортиқ партия амалдорлари қочиб кетган. Улар ўзлари билан 7,1 миллиард доллардан ортиқ маблағни олиб кетишган.
ГОНГКОНГ
Коррупцияга қарши учта таъсирчан чора қўлланди:
Биринчи чора. Амалдорлар учун айбсизлик презумпцияси бекор қилинди.
Иккинчи чора. 1974 йили Коррупцияга қарши курашиш бўйича мустақил комиссия тузилган. На ички ишлар вазирлиги, на хавфсизлик идоралари комиссия ишига аралаша олмайди.
Учинчи чора. Оддий одамлар ва журналистларга порахўрлар ҳақида маълумот бериш имконияти берилган.
Бундан ташқари, Гонгконгда пора берувчиларни жазолаш бекор қилинган. Амалдор ҳар доим айбдор.
«Муштум» журналидан олинди