2023 йил 11 март куни умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади
480 ko'rishlar

2023 йил 11 март куни умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 март 91 – F фармойишига кўра, 2023 йилнинг 11 март куни “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади.

Ҳашар мамлакатимизда Наврўз умумхалх байрамини муносиб нишонлаш ҳамда муборак Рамазон ойини қарши олишга тайёргарлик кўриш, маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончаларини ободонлаштириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўкаламзорлаштириш тадбирларини давом эттириш, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитария-гигиеник маданиятни тарғиб қилиш, шунингдек аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилади.

Хайрия ҳашари доирасида бир қатор хайрли тадбирлар амалга оширилади:  

“Маҳалламга 10 туп дарахт – менинг туҳфам” шиори остида барча турар жой мавзелари ва маҳаллаларда иқлим шароитига мос ҳамда суғориш тизимини ҳисобга олган ҳолда дарахт кўчатлари экиш;  

аҳоли пунктларида қаровсиз қолган ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, мазкур тадбирларга аҳолининг банд бўлмаган қатламини ихтиёрийлик асосида жалб қилиш;  

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир маҳаллада дарахтларни парваришлаш ишларини ҳақ тўланадиган жамоат иши кўринишида ташкил қилиш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, айниқса эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашиш;  

маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли турар жойлар ҳамда ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш;  

ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш иштирокчиларини зарур техника воситалари ва анжомлар билан таъминлаш;  

ободонлаштириш ишлари ўтказилиши жараёнида тўпланган чиқиндиларни маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан алоҳида белгиланган жойларга олиб чиқилишини таъминлаш ва ҳоказо.

Ушбу тадбир доирасида “Шарғункўмир” АЖ жамоаси аъзолари томонидан ҳам бир қанча ободонлаштириш ишлари аалга ошириш режалаштирилган. Жамият маъмурияти томонидан жамиятнинг барча аъзоларидан ушбу тадбирда фаол иштирок этишлари сўралади.

Мақолада https://uza.uz/ сайти маълумотларидан фойдаланилди.