2 апрел Геология соҳаси ходимларининг касб байрами билан табриклаймиз
Ўзбекистонда апрель ойининг биринчи якшанбаси Геология соҳаси ходимлари куни сифатида нишонланади. Бу ҳақдаги тегишли қонун 2018 йил декабрь ойида қабул қилинган. Ҳар бир давлатнинг тараққиёт даражаси кўп жиҳатдан унинг заминидаги қазилма бойликларга боғлиқ. Бу бойликларни излаб топиш ва иқтисодиёт тармоқларига фойдаланишга топшириш вазифаси эса геологлар зиммасига тушади. Ушбу шарафли вазифани бажариш учун соҳа мутахассис-геологлари фойдали қазилмалар конларини замонавий услублар, техника ва технологияларни қўллаган ҳолда излаб топиш, баҳолаш, уларнинг захираларини ҳисоб-китоб қилиб давлат балансига киритиш бўйича чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлишлари, дунё геология фани ва амалиётининг ютуқларидан хар томонлама хабардор бўлишлари зарур.
“Шарғункўмир” АЖ томонидан мамлакатимиз саноати учун ноёб хом-ашё саналадиган, қуйи ва ўрта юра даврига мансуб кўмирли ётқизиқлар ичида топилган кўмир конидан тошкўмир қазиб олиш ҳамда Ангрен ва Янги-Ангрен иссиқлик электр станциялари, цемент заводлари, аҳоли ва бошқа истеъмолчиларга етказиб бериш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Жамиятнинг ушбу ютуқларида бевосита геологларнинг ҳиссалари жуда катта. Конларнинг жойлашув харитасини юқори аниқлик билан тузиш, кўмир қатламларининг чуқурлиги, зичлиги ва бошқа муҳим кўрсаткичлари геологларимиз томонидан изчил ишлаб чиқилмоқда. Мунтазам геологлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш натижасида қазиб олинаётган кўмир маҳсулоти таннархи арзонлашувига, бу эса ўз навбатида жамиятда фаолият юритаётган ишчи ходимларига иш ҳақини ўз вақтида берилишига, қўшимча шароитлар яратилишига эришиш учун имкон бермоқда.
Бу борада мутахассис-геологларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш муҳим ахамиятга эга.Худди шу мақсадларни амалга ошириш учун 2015 йили Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Геология тармоғи ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ташкил этилган. Ҳозирги кунда институтда 37 йўналиш бўйича геологлар ва муҳандис-техник ходимларнинг малакасини ошириш курслари, 18 та мутахассислик бўйича геология соҳаси учун зарур бўлган ишчи кадрларни қайта тайёрлаш курслари фаолият кўрсатаяпти. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг мамлакатнинг минерал хом ашё базасини ҳар томонлама мустаҳкамлаш эҳтиёжи пайдо бўлди. Агар сўнгги тўрт-беш йилнинг ўзи таҳлил қилинса ҳам, тоғ-кон, металлургия, қурилиш, кимё ва саноатнинг турли бошқа тармоқларини ривожлантириш учун 35 дан зиёд турдаги фойдали қазилмаларни излаш ва қидириш ишлари йўлга қўйилди. Коронавирус пандемияси туфайли бутун дунё мамлакатларининг иқтисоди учун қийин бўлган 2020 йилда Ўзбекистоннинг геология соҳаси мамлакат иқтисодиётининг мустаҳкам таянчи эканлигини исбот қилди.
Геологларнинг фидокорона меҳнатлари туфайли олтин, уран, мис каби стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган металларнинг захиралари ва қазиб олиш ҳажми бўйича Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида етакчи ўринларни эгаллайди. Ўтган асрнинг 60 йилларида ишга туширилган Гиннес рекордлар китобига киритилган Мурунтов кони 1960 йилда ўзбек геологлари томонидан аниқланган. 1967 йилда конда дастлабки руда қазиш ишлари бошланган. Мурунтов олтин кони ҳозирда нафақат Ўзбекистонда, балки дунё миқёсида ҳам пешқадам.
Бу ишлар Ўзбекистоннинг қудратига қудрат қўшиш билан бирга, халқимиз учун минглаб янги иш ўринлари яратишга имкон беради.Фурсатдан фойдаланиб халқимиз учун ер ости бойликларини излаб топаётган заҳматкаш ва фидойи геологларни касб байрамлари билан табриклаймиз.
Қуйида сиз ушбу машаққатли касб эгаларининг меҳнат фаолиятидан фотолавҳалар кўришингиз мумкин