Шавкат Мирзиёев референдумда овоз берди
263 ko'rishlar

Шавкат Мирзиёев референдумда овоз берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев янги Конституцияни қабул қилиш бўйича референдумда овоз берди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни оила аъзолари билан бирга Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 59-референдум участкасига ташриф буюриб, референдумда овоз берди.

Референдумда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси овозга қўйилган. Маълумки, бу жараёнга бир ярим йил мобайнида пухта тайёргарлик кўрилди. Конституциявий қонун лойиҳаси оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниб, халқнинг фикри ўрганилди. Жамоатчилик томонидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди. Уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олди.

Ушбу таклифлар асосида янгиланаётган Конституция моддалари сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалари 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгиланди. Бунда халқаро тажриба ҳам инобатга олинди, турли соҳалардан етук мутахассислар ва экспертлар жалб этилди.

Конституция давлатимиз барқарорлиги ва келажаги, инсон манфаатларининг ҳуқуқий асосидир. Фуқаролар буни чуқур ҳис этиб, референдумда фаол иштирок этмоқда.

Бу сиёсий жараённи 45 та давлат ва 14 нуфузли халқаро ташкилотдан жами 383 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб бормоқда. Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари кенг, очиқ-ошкора ёритмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу пайтга қадар президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева, Олий суди раиси Бахтиёр Исломов, Конституциявий суди раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов, президент матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадов ва қатор вазирлар референдум участкасида овоз бериш жараёнида қатнашди.

gazeta.uz сайти материалларидан олинди