РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Ижтимоий тармоқ фаоли Н.Кабировнинг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги профили орқали “Шарғункўмир” АЖ раҳбариятига бир нечта саволлар билан қилган мурожаатига қуйидагича муносабат билдирамиз:

  1. “Шарғункўмир” АЖ га қарашли 1 га дан ошиқроқ суғориладиган ерлардан қандай мақсадда фойдаланмоқдасиз?

Ҳулкар маҳалласи Бойқишлоқ қишлоғида жойлашган “Шарғункўмир” АЖ га қарашли 1,28 га ер майдонига аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан чиқиндиларни ташлаб кетиш, дарахт буталарни кесиб кетиш ва ер майдонини ўраб турган темир бетон деворларга шикаст етказиш ҳолатлари кузатилганлиги сабабли ер майдонида қурилиш ишлари бошлангунга қадар назорат ўрнатиш, ҳудуд яқинида яшовчи А. Аббасов зиммасига юклатилган. А. Аббасовга юклатилган вазифаларни бажаргани учун ер майдонидан текинга фойдаланиш белгиланган. Ушбу ер майдонида сув масаласидаги танқислик сабабли фақат баҳор мавсумида лалми экин етиштириш имкони мавжуд. Келгусида ушбу ер майдонида корхона ишчи-ходимлари учун кўп қаватли турар жойлар қуриш режалаштирилган.

2. “Шарғункўмир” АЖ нинг балансида юк машиналар бўла туриб шартнома асосида қўшимча машиналар олишга нима сабаб бўлди?

Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида «Шарғункўмир» АЖда амалга оширилаётган инвестиция лойихасини амалга ошириш ва  кўмир қазиб олиш ҳажмларини ошириш билан боғлик масалаларни ҳал этиш бўйича 14.05.2023 йилда ўтказилган йиғилиш баёнида берилган топшириққа асосан 202З йилда кўмир казиб олиш режаси бажарилишини таъминлаш мақсадида, очиқ усулда кўмир қазиб олиш ҳажмларини ошириш учун аутсорсинг асосида махсус техникалар ва автосамосвaлларни жалб қилиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган. “Шарғункўмир” АЖ га қарашли “Автосарой” участкаси харажатлари таҳлил қилинганда Юқори технологик мажмуадан Қуйи технологик мажмуага кўмирни автосамосваллар орқали ташиш таннархи автосамосвалларнинг бироз эскирганлиги ҳамда технологик йўлларнинг мураккаблиги сабабли 44 095 сўмни ташкил қилган. Корхона мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган техник шартлар асосида Юқори технологик мажмуа (ЮТМ) да қазиб чиқарилган кўмир маҳсулотини Қуйи технологик мажмуага ташиш бўйича биржа платформаси орқали танлов эълон қилинди ҳамда энг яхши таклиф берган ва танлов ғолиби бўлган корхона билан кўмир маҳсулотини юқоридаги маршрут орқали тоннасига 30 982 сўмдан ташиш бўйича шартнома имзоланди. Натижада кўмир ташиш бўйича ҳар тоннасига 13 139 сўмдан, ойига ўртача 400 млн.сўмдан корхона маблағлари тежаб қолинди. Корхона балансидаги автосамасваллар кўмир қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида кўмир забойларида қисқа ташувларга жалб қилинди.

3. “Шарғункўмир” АЖ нинг имконияти ва салоҳияти ҳозирги кунда маблағ масаласида қийинчиликка учраётганлигини билиб туриб шартнома асосида юрист олишингизга қандай эҳтиёжингиз бор? Ёки жамият юристи иш бажариш қобилиятига эга эмас деб ҳисоблайсизми?

“Шарғункўмир” АЖ томонидан ишлаб чиқариш зарурати билан бир қатор корхона ва табдиркорлик субъектлари билан иқтисодий мунособатлар ўрнатилган бўлиб, улар билан ўзаро манфаатли фаолият амалга оширилиб келинмоқда. Лекин айрим корхона ва тадбиркорлик субъектлари мутасадди ходимларининг маъсулиятсизлиги натижасида дебитор қарздорликлар юзага келаётганлиги ҳамда регресс тўловлари бўйича нафақадаги ходимлар томонидан тез-тез судларга мурожаат қилинаётганлиги муносабати билан ҳозирги кунда иш хажми ошганлиги сабабли жамиятнинг собиқ юридик бўлими бошлиғи Қурбонов Нуриддин Рустамовични меҳнат келишувига асосан вақтинчалик ҳуқуқшунос лавозимига ишга олинган.

4. “Шарғункўмир” АЖ нинг биринчи навбати октябрда ишга тушурасиз деган экансизлар, хўш очилиш маросими қайси кунга белгиланди, мен бориб ёритмоқчиман агар қаршиликлар бўлмаса?

Аввал маълум қилганимиздек “Шарғункўмир” АЖ ни модернизация қилиш” инвестиция лойиҳасини ишга тушириш бўйича “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги хамда “Шарғункўмир” АЖ томонидан саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Инвестиция лойиҳасининг ер усти қурилиш ишлари якунланиб,  ускуналарни монтаж   қилиш ишлари амалга оширилаётган бўлиб, яқин кунларда якунланиш арафасида.

Ҳозирги кунда оғирлиги 20, 25 ва 50 тонна бўлган ер остида кўмир қазиб чиқариш ускуналарини мураккаб тоғ шароитларида ҳеч қандай техника ва механизмларсиз техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган ҳолда 5-6 км узунликдаги ер ости конига олиб кириш ва монтаж қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳани тўла қувватда 2023 йил якунига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу инвестиция лойиҳасининг якунланиши ва янги коннинг очилишига бағишланган тадбир бўйича алоҳида маълумот берилади.

Шу кунга қадар “Шарғункўмир” АЖ маъмурияти томонидан  билдирилган муносабатларга нисбатан кимдадир шубҳа пайдо бўлса,  инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётган жойга келиб, амалда бажарилаётган ишлар билан шахсан танишиши мумкин.