“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳисоблагич орқали чекловларга оид расмий муносабат билдирди
692 ko'rishlar

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳисоблагич орқали чекловларга оид расмий муносабат билдирди

Ҳисоблагич орқали чекловлар зарур ҳолларда ва маълум бир вақт оралиғида қўлланилади

Ижтимоий тармоқларда электр энергияси истеъмоли бўйича киритилган баъзи ўзгартиришлар нотўғри талқин қилинмоқда. Унда ёзилишича, энди хонадонда бирданига учта кондиционерни уласангиз ҳисоблагич токни автоматик тарзда узиши ёки ҳисоблагич орқали 10-15 кW қувват доирасида чеклов киритилади.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати раҳбари Фахриддин Нуралиев ушбу хабарлар юзасидан қуйидагича маълумот берди: 

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22-сонли қарори билан “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг тегишли бандига ўзгартириш киритилган. Унга кўра, жорий йил 1 ноябрдан бошлаб истеъмолчиларга эҳтиёжлари учун зарур бўлган қурилмаларнинг минимал қувватидан (ҳамда жойлашган ҳудудидан) келиб чиқиб, ҳисоблагич орқали 10-15 кW қувват доирасида чеклов киритилиши белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, бундай чора эскирган ва ортиқча юклама билан ишлаётган электр тармоқлари ва трансформатор пунктлари жойлашган маълум бир ҳудудларда истеъмолчиларни узоқ вақт электр таъминотидан узилиб қолмаслигини таъминлаш мақсадида зарурат юзасидан қўлланилади. Яъни, бу йил қиш ва ёз ойларида кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити каби вазиятлардагина маълум бир вақт оралиғида электр тармоқларига ортиқча юкламалар тушишини олдини олиш учун амалга оширилади.

Маълумот ўрнида, юқоридаги қарорга асосан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими доирасида истеъмолчиларга эҳтиёжлари учун зарур бўлган қурилмаларнинг минимал қувватидан ҳамда жойлашган ҳудудидан келиб чиққан ҳолда, ҳисоблагич орқали 10-15 кW қувват доирасида чеклов киритилиши белгиланганини яна бир бор таъкидлаш лозим.

uza.uz сайти маълумотлари асосида тайёрланди