“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида “Шарғункўмир” АЖ жамоаси 1000 донадан ортиқ кўчат ўтқазади
1,412 ko'rishlar

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида “Шарғункўмир” АЖ жамоаси 1000 донадан ортиқ кўчат ўтқазади

Маълумки, Президентимизнинг 30.12.2021 йилдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-46-сон Фармони билан бутун мамлакат миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 11 октябрь куни маҳаллаларни обод қилиш ва аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бу йил якунигача 75 миллион дона, келгуси йил баҳор ойларида яна 125 миллион дона мевали ва манзарали кўчатлар экиш вазифаси қўйилди. Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб 20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.

Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган селектор йиғилишидан кейин берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Шарғункўмир” АЖ раҳбарияти ва бошқарув девони ходимлари жамият бош директори бошчилигида 10-штольня ҳудудида манзарали арча кўчати экишди. Лойиҳа асосида “Шарғункўмир” АЖ жамоаси 1000 донадан ортиқ манзарали арча кўчати экиши режалаштирилган.

Қуйида раҳбарият ва бошқарув девони ходимларининг кўчат экиши жароёнидан фотолавҳалар билан танишишингиз мумкин.