“ШАРҒУНКЎМИР” АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ  МАЪМУРИЯТИНИНГ КОРХОНА ИШЧИ-ХИЗМАТЧИ ХОДИМЛАРИГА МУРОЖААТИ

“ШАРҒУНКЎМИР” АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ МАЪМУРИЯТИНИНГ КОРХОНА ИШЧИ-ХИЗМАТЧИ ХОДИМЛАРИГА МУРОЖААТИ

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган йирик корхоналар, маданий кўнгил очар масканлари, йирик савдо марказлари ва деҳқон бозорларимиз ҳамда бошқа жамоат жойларимизда инсон хавфсизлигини таъминлашга қаратилган барча вазифаларни бажаришга юксак эътибор қаратилмоқда.

Гувоҳи бўлаётганимиздек, замонамизда рўй бераётган аянчли воқеликлар макон ёки жой, миллат ёки ёш танламаяпти. Биз тинч ва осойишта, дориламон кунларда яшар эканмиз, юртимизни турли ташқи таъсирлардан, ёмон ниятли кимсалардан ҳимоя қилишга ўзимизни дахлдор ҳис этишимиз муҳим ҳисобланади.

Яқин ўтмиш халқимиз учун изтиробли, аламли хотиралар билан муҳрланган 16 февраль воқеаларига, Сариосиё туманидаги террористик таҳдидларга, Андижондаги хунрезликларга гувоҳ бўлган. Ғаразгўй, ватансиз кимсаларнинг бу ҳаракати тарихга қонли террор сифатида муҳрланган.

Бу каби кўнгилхираликлар дунёнинг бошқа ривожланган давлатларида ҳам кўп бора содир бўлган. Айримлари эса ҳалигача уруш алангасида қолмоқда. Натижада кўплаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлишмоқда. Улар орасида ёш болаларнинг ҳам борлиги инсониятни чуқур қайғуга солади.

Мана шунга ўхшаш хунрезликлардан ва мудҳиш воқеалардан ҳимояланиш учун, юртимиз, шаҳримиз, ўзимиз ишлаб турган корхонамиз тинчлиги учун барчамиз бир бўлиб бирлашишимиз, огоҳликни кучайтиришимиз зарур.

Бунинг учун, жамоат жойларида шубҳали кўринган шахсларга эътибор қаратишимиз ҳамда улар ҳақида зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришимиз муҳим.           Шу жумладан корхонамиз ходимларига иш жойига кириш-чиқиш учун берилган ҳужжатини доимо ёнида бўлишини таъминлаш сўралади. Ундан ташқари, корхона ҳудудида ёки бошқа манзилларда қаровсиз қолдирилган шубҳали ҳар қандай буюмни эътибордан четда қолдирмасдан, улар ҳақда дарҳол 102 рақамига хабар бериш лозим.

Жамоат жойларида хизмат вазифасини бажариб, жамоат хавфсизлигини таъминлаётган ҳуқуқ посбонларининг қонуний талабларини эътирозсиз бажариш зарур.

Бир сўз билан айтганда мамлакатимиз, шаҳримиз ва ҳар бир маҳаллада, ўзимиз ишлаб турган иш жойимизда тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш учун барчамиз бирдек масъулмиз.

“ШАРҒУНКЎМИР” АЖ МАЪМУРИЯТИ