Конституциямизнинг яратилиши тарихи ҳақида
Мустақиллик Қомуси сари ўн ҳуқуқий қадам
Асосий Қонунимиз яратилишининг мураккаб ва муҳим, айни чоғда шарафли солномасига назар солар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари натижаси эканига комил ишонч ҳосил қиламиз.
Авваламбор, конституциявий “бино”ни қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилган. Бугунги Ўзбекистон қадимги Хоразм ва Сўғдиёна, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Амир Темур ва Темурийлар, ўзбек хонликлари, маърифатпарвар аждодларимиз, халқимизнинг тарихий анъаналари ва унинг мустақил давлат ҳақидаги кўп асрли орзусини мужассам этган.
Қолаверса, манфаатларимиз ва интилишларимиздан келиб чиққан ҳолда, Асосий Қонунимиз Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолнинг 97 та мамлакати тўплаган илғор конституциявий тажрибани ҳисобга олиб яратилган.
Шу ўринда Суверен Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини тайёрлаш, муҳокама этиш, қабул қилиш ва унинг амал қилиши йўлидаги 10 та ҳуқуқий қадамни бу борадаги энг муҳим тарихий воқеалар сифатида санаб ўтиш лозим. Зотан, Конституцияни яратиш тарихи – бу мустақиллик учун курашнинг узвий таркибий қисмидир.
Конституцияни яратиш йўлидаги биринчи ҳуқуқий қадам – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишидир.
Бу ҳақда гап борганда, авваламбор, 1989 йилнинг 21 октябрь куни қизғин баҳс ва тортишувлардан сўнг сиёсий-маънавий ҳаётимиздаги унутилмас ҳодиса амалга оширилгани – миллий қадриятларимизнинг асосий устунларидан бири бўлган она тилимизга давлат тили мақоми берилгани истиқлол тарихининг энг ёрқин саҳифаларидан бирини ташкил этишини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
“Ўз она тилини билмаган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайдиган, келажаги йўқ одам, киши тилини билмайдиган унинг дилини ҳам билмайди, деб жуда тўғри айтишади”. “Ҳар қайси миллат, катта ё кичиклигидан қатъий назар, ўз она тилини ҳурмат қилади”.
Конституцияни яратиш йўлидаги иккинчи ҳуқуқий қадам – Президентлик институти таъсис этилиши ва янги давлат рамзларини тайёрлаш бўйича комиссия тузилиши билан боғлиқ.
Юртимиз ҳаётидаги бу ғоят муҳим ва ҳаяжонли воқеалар 1990 йилнинг март ойида бўлиб ўтганини эслаш жоиз. Ўшанда, яъни Мустақиллигимиз эълон қилинишидан бир мунча вақт олдин, ўн иккинчи чақириқ Олий Кенгашнинг биринчи сессиясида собиқ иттифоқ таркибидаги республикамизда Президентлик лавозими жорий этилди, давлат рамзлари ҳақидаги масала муҳокама қилиниб, бу борада махсус комиссия тузилди. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини яратиш ғояси илк бор ана шу сессияда илгари сурилди.
Конституцияни яратиш йўлидаги учинчи ҳуқуқий қадам –“Мустақиллик декларацияси”нинг эълон қилинишидир.
Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан 1990 йил 20 июнда эълон қилинган “Мустақиллик декларацияси”нинг 8-бандида Ўзбекистон “ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номини белгилайди ва давлат белгиларини (герб, байроқ, мадҳия) ўзи таъсис этади” деган қоида мустаҳкамланган.
Декларациянинг 12-бандида эса ушбу ҳужжат республиканинг “янги Конституциясини ишлаб чиқиш учун асос” бўлиши қайд этилган.
Ўшанда бундай мазмундаги ҳужжат собиқ иттифоқ ҳудудида биринчи бўлиб Ўзбекистонда қабул қилинган эди.
Конституцияни яратиш йўлидаги тўртинчи ҳуқуқий қадам –Конституциявий комиссиянинг ташкил этилишига бориб тақалади.
Олий Кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди ва Конституция лойиҳаси ана шу комиссия томонидан 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди.
Конституцияни яратиш йўлидаги бешинчи ҳуқуқий қадам – Биринчи Президентимизнинг Ҳиндистонга 1991 йилги ташрифи билан чамбарчас боғлиқ.
Айтиш керакки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1991 йил 17-19 август кунлари “Ҳиндистон Республикасига расмий ташрифи Ўзбекистон Президентининг хорижга қилган биринчи мустақил – тарихий ташрифи эди”. Юртбошимиз Ҳиндистонда бўлган бир пайтда – 19 август куни ўзини “Давлат фавқулодда ҳолат қўмитаси”, яъни ГКЧП деб атаган бир гуруҳ сиёсий авантюристларнинг давлат тўнтаришини содир этишга қаратилган мурожаати эълон қилинди.
Афсуски, Ўзбекистон раҳбарининг сафарда эканидан фойдаланиб, ГКЧПнинг ноқонуний қарорларини қўллаб-қувватлайдиган раҳбарлар юртимизда ҳам топилди. Тарих буни яхши эслайди.
Яқин ўтмишнинг бу воқеаларини эслаш ва эслатишдан муддао эса янги Конституциямизни яратиш йўлидаги курашлар мустақиллик учун курашнинг узвий, ажралмас қисми эканлигини эътироф этишдан иборат. Зеро, биз ўз истиқлолимизни қандай қийинчиликлар билан, қандай синов ва суронли курашлар билан қўлга киритган бўлсак, Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини яратиш йўлида ҳам худди шундай мураккаб синовларни бошдан кечирдик.
Ўша беором даврда қабул қилинган Президент фармон ва қарорларида акс этган муҳим ҳуқуқ ва қоидалар кейинчалик Конституциямизнинг асосий бўлим, боб ва моддалари сифатида мустаҳкамланди.
Конституцияни яратиш йўлидаги олтинчи ҳуқуқий қадам – Давлат мустақиллигининг эълон қилинишидир.
Мамлакатимиз раҳбарининг 1991 йил 31 августда, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида сўзлаган нутқи, айниқса, ўша нутқдаги: “Мен шу бугундан эътиборан 1 сентябрни республикамизда Мустақиллик куни, умумхалқ байрами деб эълон қилишни таклиф этаман”, деган оташин сўзлари Ватанимиз тарихига олтин ҳарфлар билан мангуга ёзилгандир.
Шу куни “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги конституциявий қонун қабул қилинди. Ундан бўлажак Конституциянинг ўзак қоидаларини ўзида акс эттирган бир қатор муҳим моддалар жой олди. Жумладан, мазкур Қонунга мувофиқ:
“Ўзбекистон Республикаси тўла давлат ҳокимиятига эга, ўзининг миллий-давлат ва маъмурий ҳудудий тузилишини, ҳокимият ва бошқарув идоралари тизимини мустақил белгилайди” (3-модда);
Конституцияни яратиш йўлидаги еттинчи ҳуқуқий қадам – 1991 йил 29 декабрда Президент сайлови ва Давлат мустақиллиги тўғрисидаги референдумнинг ўтказилишига тааллуқли.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва Республика давлат мустақиллиги тўғрисидаги референдум 1991 йил 29 декабрда бўлиб ўтди. Халқ давлат мустақиллигини қўллаб овоз берди ва Президентни сайлади. 1992 йил 4 январь куни Олий Кенгашнинг ана шу сайлов ва референдум якунларига бағишланган тўққизинчи сессияси очилди.
Сўнгра Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимини бажаришга киришиш тантанали маросими бўлди. Ушбу сессияда Ўзбекистоннинг ўша пайтда амалда бўлган Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Маҳаллий ҳокимият органларини қайта тузиш тўғрисида қонун қабул қилинди.
Конституцияни яратиш йўлидаги саккизинчи ҳуқуқий қадам – биринчи Конституция лойиҳасининг илк бор матбуотда умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинишидир.
Конституциявий комиссия бажарилган ишни маъқуллади ва 1992 йил 8 сентябрда Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилишга қарор қилди. Ушбу йиғилишда лойиҳани охирига етказиш ва таҳрир қилиш учун ишчи гуруҳ тузилди. Янги Конституциянинг биринчи лойиҳаси 1992 йил 26 сентябрь куни тайёр бўлди ва шу куни матбуотда чоп этилди.
Конституцияни яратиш йўлидаги тўққизинчи ҳуқуқий қадам – Конституция лойиҳасининг иккинчи марта матбуотда умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинишидир.
Конституция лойиҳаси ўтказилган муокамалар давомида келиб тушган таклифлар асосида анча тузатилди ва қайта ишланди. Сўнгра, 1992 йил 21 ноябрда умумхалқ муҳокамасини давом эттириш учун Конституция лойиҳаси иккинчи марта газеталарда чоп этилди.
Шундай қилиб, ҳуқуқий прецедент – икки босқичли умумхалқ муҳокамаси юз берди. Ушбу ҳолат, бир томондан, муҳокама иштирокчиларини фаоллаштириш учун қудратли рағбат вазифасини бажарган бўлса, иккинчи томондан, Асосий Қонунимизнинг халқчиллигини таъминлади. Конституция лойиҳасининг ўзи кенг жамоатчилик экспертизасидан ўтди.
Конституцияни яратиш йўлидаги ўнинчи ҳуқуқий қадам –Конституция лойиҳасининг қабул қилинишидир.
Конституциявий комиссия томонидан 1992 йил 6 декабрда Конституция лойиҳаси охирги марта муҳокама этилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Конституциявий комиссия хорижий конституциявий тажрибага мурожаат қилиб, Асосий Қонуннинг ролини яхлит тушунишдан келиб чиқди.
Бунда жаҳон конституциявий тажрибасинининг бир қатор илғор жиҳатлари ҳисобга олинди. Конституция лойиҳаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгаши каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция каби демократик давлатлар мутахассисларининг синчков экспертизасидан ўтди.
Айниқса, Конституция лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси Ўзбекистон халқининг хоҳиш-иродасини аниқлаш ҳамда жуда бой материал тўплаш имконини берди. Ушбу материал чуқур ва ҳар томонлама ўрганиб чиқилди, умумлаштирилди ва халқнинг умумий иродаси шаклида ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессияси муҳокамасига киритилди.
Конституциянинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз парламенти Конституция нормаларига мувофиқ 8 та конституциявий қонун, 15 та кодекс, 600 дан зиёд қонунни қабул қилди, 200 дан ортиқ кўп томонлама халқаро шартномани ратификация қилди ва шу тариқа Асосий Қонунимизни амалга оширишнинг яхлит ҳуқуқий механизми яратилди. Унинг самарадорлигини вақт ўзи кўрсатиб турибди ва бу бугун жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
constitution.uz сайти материалларидан фойдаланилди