КОРРУПЦИЯ КЕЧА ЁКИ БУГУН ПАЙДО БЎЛГАН ЭМАС…
Геродотнинг «Тарихлар» китоби, 5-китоб, 25-бобига кўра, эрамиздан аввалги VI асрда Форс қироли Камбис II ҳукмронлиги даврида Форс империясида хизмат қилган судья Сисамнес томонларнинг биридан пул олиб, қарорни ўша тараф фойдасига чиқариб беради.
Бундан хабар топган қирол Камбис II судьяни терисини шилишни ва ушбу терини Сисамнес судьялик пайтида ўтирган ўриндиққа қоплашни буюради. Бу ҳаммаси эмас эди…Шоҳ Камбис II Сисамнесни ўғлини судья этиб тайинлаб, иш жараёнида айнан отасининг териси қопланган ўриндиқда ўтиришга мажбур қилади. Токи судда иш кўраётган чоғида қайси курсида ўтирганини унутмаслиги учун!
Коррупциянинг тарихий ўзаклари жуда жуда қадимга бориб тақалиб, бу ҳол қабилада маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Ўша даврларда бу нормал ҳолат сифатида қабул қилинган. Бироқ давлат аппаратининг мураккаблашуви ва марказийлашуви коррупциянинг давлат ривожланишига катта тўсиқ эканлигини кўрсатди. Коррупцияга қарши курашган биринчи давлат сифатида қадимги Шумер давлати тан олинади. Қадимги давлатларни айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ ташвишга солганлиги бизгача сақланиб қолган манбалардан маълум. Чунки бу ҳолат давлатнинг обрўсига жуда қаттиқ путур етказарди. Дунёнинг етакчи динларида ҳам биринчи навбатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ қораланади. Жумаладан, Инжилда “Совғаларни қабул қилма, чунки совға кўрни кўрадиган қилади ва ҳақиқатни ўзгартиради” дейилган бўлса, Қуръони каримда порахўрлик бевосита тақиқланади: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг” (Бақара сураси, 188 оят) дейилган.
Коррупция –– бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.
Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.
Дунё коррупциядан энг кам зиён кўраётган 6 давлати билан фахрланса арзийди: Дания, Финляндия, Янги Зеландия, Норвегия, Сингапур ва Швеция.
Сингапур давлати 1965 йил мустақилликка эришгач коррупция даражаси энг юқори бўлган давлатлар қаторида турар эди. Лекин бу иллатга қарши ўтказилган бир қатор тадбирлар бу давлатда коррупциянинг минимал даражага тушишига олиб келди. Биринчи навбатда бу ерда бюрократик жараёнлар енгиллаштирилиб суд тизимининг мустақиллиги оширилди (судьяларнинг даромадлари ва имтиёзларини ошириш эвазига). Шу билан бирга коррупция жиноятлари учун санкциялар оғирлаштирилиб, фуқароларга коррупцияга қарши жиноятларни тергов қилишда ҳамкорлик қилишда бош тортганлиги учун жуда катта молиявий санкциялар белгиланди. Бир қатор давлат идораларида оммавий “тозалашлар” ўтказилиб бу жараёнлар телеканаллар орқали бутун мамлакатга намойиш қилинди. Юқорида санаб ўтилган омилларнинг ҳаммаси Сингапурни қисқа муддатларда коррупция даражаси энг паст мамлакатлар рўйхатида илғор давлатлар қаторига олиб чиқди. Шунингдек, давлат хизматчисининг аҳлоқ стандартларига риоя этишини қаттиқ назорат остига олиш ҳам Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда муҳим дастаклардан бири бўлиб хизмат қилади.
Коррупцияга қарши курашда жаҳон мамлакатлари тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики фақатгина жиноий қонунчиликни оғирлаштириш йўли билан бу салбий иллатга қарши курашиб бўлмайди (ХХР да жуда кўп миқдорда пора олганлик учун ўлим жазоси мавжуд). Бу иллатни енгиш учун биринчи навбатда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқаролик институтлари фаолиятини кучайтириш лозим бўлади.
Оммавий нашрлар маълумотлари асосида тайёрланди
“Шарғункўмир” АЖ матбуот хизмати