
ЎЗБЕКИСТОНДА КОРРУПЦИЯНИ ЖИЛОВЛАШ МУМКИНМИ?
Карим БАҲРИЕВ.
Иқтибослар:
Шоир Абдулла Орипов билан қилган суҳбатларимиздан бирида порахўрлик каби иллатларни одамнинг тирноқларига ўхшатган эдилар, яъни у тугамайди, ўсиб чиқаверади, фақат вақти-вақти билан мунтазам қирқиб туриш керак. Коррупцияни батамом енга олган мамлакат йўқ. Халқаро рейтингда биринчи ўринда турадиган Янги Зеландия 100 баллдан 89 балл олган, холос. Аммо коррупцияни самарали жиловлай олган мамлакатлар бор. Уларнинг тажрибаси бизга фойдалидир. Шундай қилиб…
ОЛМОНИЯ
Немис амалдорларини пора эвазига оғдириб олиш деярли имконсиз, чунки улар бир лаҳзада барча нарсадан – мансабидан, имтиёзлардан, жумладан, кафолатланган пенсиядан қуруқ қолишдан қўрқади.
* * *
1998 йилда Олмонияга борганимизда Бош прокуратура, Олий Суд, Бундестаг (парламент) каби турли идораларда бўлдик. Ўзбекчилик – чопон, дўппи, Чуст пичоғи каби совғалар олиб олганмиз. Қайси идорага кириб раҳбариятига совға қилсак, аввал рад этади, жуда қўймасак, ходимини чақириб, қанча туришини сўраб, кирим қилиб, ҳужжатлаштириб қўяди. Чунки 5-7 доллардан қиммат нарса совғага олиш мумкин эмас экан.
* * *
Биз ўзбек мусаввири Исфандиёрнинг “Олтин куз” асари Лувр музейида сақланадиган ягона осиёлик замонавий рассомнинг асари эканидан фахрланамиз. У қандай Луврга олинган? Бу Ўзбекистон раҳбари Франция Президенти Миттеранга совға қилган асардир. У ўзига олиши мумкин бўлмаганидан, музейга топширган.
ЭСТОНИЯ
1990-йилларда Эстонияда коррупция ва уюшган жиноятчилик чуқур илдиз отган эди. Ушбу мамлакат коррупцияни ахборот технологиялари хизматларининг бошқарувга ва давлат хизматларига фаол жалб қилиш орқали жиловлади. Бугунги кунда Эстония Европа иттифоқида IT-технология соҳасидаги илғор мамлакат ҳисобланади. Мамлакат тўлиқ бепул Wi-Fi билан, 98 фоиз ҳудуди эса симсиз интернет билан қамраб олинган.
* * *
Мен айнан “электрон ҳукумат” тизимини ўрганиш учун 2015 йилда Эстонияда бўлганман ва турли даражаларда ўрганганман. Кўрганманки, ҳатто қувурдан сув оққан киши сантехникка ҳам интернетдан буюртма беради, тиши оғриган киши тиш дўхтири қабулига ҳам уйидан туриб ёзилади, фирма очмоқчи бўлган киши ҳам уйидан туриб, тегишли шаклни тўлдирган ҳолда ҳужжат топширади ва тез муддатда олади… Амалдорлар ва фуқаролар қарийб мулоқот қилмайди ёки бир-бирини жуда камдан-кам ҳолларда кўради. Эстонияликлар солиқ декларациясини электрон тарзда топширади. Масалан, 2010 йилдаёқ 97 фоиз декларация интернет орқали юборилганди. Юридик шахсни рўйхатга олиш 15 минутда ҳал бўлади, бунда тадбиркор кабинетма-кабинет сарсон бўлмайди. Эстония 2007 йилда дунёда биринчи бўлиб ўз фуқароларининг сайловда электрон тарзда овоз бериш имкониятини яратди. Ана шу тартибда е-мактаб, е-полиция, е-тиббиёт тизимлари ишлайди.
ГУРЖИСТОН
Гуржистон 2003 йилда коррупцияни қабул қилиш индексида 1,8 балл билан Афғонистон, Ироқ ёнида эди… Аммо 2006 йилга келиб, Гуржистоннинг юқорида қайд этилган индекси 2,8 га, 2012 йилда эса 5,2 га кўтарилди. 2010 йилда мамлакат аҳолисининг бор-йўғи 2 фоизигина охирги 12 ойда пора берганини маълум қилган.
* * *
Гуржистон бир кунда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг 16 минг ходимини ишдан бўшатди. Чунки йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари амалда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун ҳеч қанақа иш қилмаслигини ҳамма билар эди. Уларнинг аксарияти йўлда фақат пора олиш учун турар эди, холос.
«Муштум» журналидан олинди