22 декабр – «Энергетиклар куни»
1,495 ko'rishlar

22 декабр – «Энергетиклар куни»

Маълумки, 22 декабрь энг қисқа кундуз ва энг узун тун бўладиган сана. Бу санада сайёрамизнинг Бош энергетиги – Қуёшдан бизга энг кам ёруғлик ва иссиқлик тушади. Энергия истеъмоли энг кўп бўладиган ушбу кунда МДҲ мамлакатларининг аксариятида энергетика соҳаси ходимлари касб байрамини нишонлайди. Хусусан, Украина, Беларусь, Қирғизистон ва Россия қатори Ўзбекистонда ҳам бу санада энергетиклар куни байрам қилинади.
Албатта, энергетиклар касб байрами атайин ушбу энг қисқа кун бўладиган санага мосланган эмас. Авваллари бу сана декабрнинг учинчи якшанбасига тўғри келар эди. Қўшни Қозоғистонда ҳозир ҳам шундай. Бироқ 1980 йилда сана таъсис этилган қарорда байрам 22 декабрь кунига белгиланган эди. Шу сабабли кўп жойда мазкур сана айнан 22 декабрь сифатида ўрнашиб қолган. Бунинг тарихи эса 1920 йилнинг 22 декабрида ГОЭЛРО режаси қабул қилингани билан боғлиқдир.
Энергетика соҳаси жамият ҳаётида қандай катта аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлашга ҳожат йўқ. Уйларимизга иссиқлик ва ёруғлик улашадиган, ишлаб чиқариш корхоналарида ускуна ва дастгоҳларини ҳаракатга келтирадиган ва умуман замонавий ҳаётнинг барча-барча соҳасида асосий ўрин тутадиган жабҳа, шубҳасиз, энергетикадир!
Албатта, айнан шу соҳада Ўзбекистонда муаммолар кўп. Қишлоқларда чироқ ва иссиқлик йўқлиги, шаҳарлардаги узилишлар туфайли энг кўп танқид эшитадиганлар энергетиклар бўлса керак. Айни пайтда, Ўзбекистоннинг энергетика билан боғлиқ муаммолари алоҳида шахсларга боғлиқ эмаслиги, балки тизимли характерга эгалигини қатор таҳлилчилар эътироф этган. Шуни инобатга олиб, бугун энергетикларни танқид қилишдан ўзимизни тийиб, уларни касб байрами билан қутлаймиз.

Байрам муборак, энергетиклар!