124 ko'rishlar

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун

Байроғимиз — оримиз, ғуруримиз Заминимизда эллар ва элатлар кўп. Аммо ҳар ким ҳам муқаддас она тупроғида ардоқда яшаш, ўз Ватани билан фахрланиш, ғурурланиш бахтига эга эмас.

Айниқса, ўзгалардан паноҳ истаб, ёт ўлкалар остонасига бош уриб турган усти юпун, оч-наҳор одамларни кўриб, вужудингни титроқ тутиб, қалбингда оғриқ туради… Шукрки, бизнинг ўз тили, байроғи, герби, мадҳиясига эга мустақил Ватанимиз, Янгиланаётган Ўзбекистондек ҳур диёримиз бор. Ватан бизнинг бахтимиз, унинг тимсоллари ғуруримиздир. Хусусан, Ўзбекистон халқининг дунёда борлиги, ўзига ўзи беклиги, жаҳон аро ўрнига эгалигини яққол кўрсатиб турадиган байроғимизнинг Ватан пештоқида, дунёдаги энг нуфузли анжуманларда ҳилпираб туриши нақадар фахрли! Тўғри, бошқа мамлакатларнинг ҳам ўз байроғи бор. Лекин бизники ўзгача туюлади: унинг ҳар бир ранги, чизиғи, ҳошиясида олам-олам маъно бор. 

Бугун, 18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кунда бу ҳақда яна бир бор суҳбатлашсак айни муддао. Зеро, дунёда ҳар қандай суверен давлатнинг, ўз эрки, озодлигига эга мамлакатнинг тимсоллари бўлиши тарихдан маълум. Жумладан, соҳибқирон бобомиз Амир Темур шонли юришлари олдидан лашкарларини жангга ҳозирлар экан, байроқдорларига алоҳида эътибор қаратиб, уни ҳар қандай шароитда ҳам тик тутишни уқтирган. Босқинчиларга қарши курашга отланган аскарларнинг жанговар ҳолатига байроқнинг мағрур ҳилпираши жуда катта руҳий куч ва мадад берган. Шунинг учун ҳам байроқдорлар ҳатто жароҳатланганида ҳам уни қўлидан қўймай, маҳкам тутган ҳолда жон беришган. 

Чунки ўз Ватани, халқи, она заминининг эрку озодлиги тимсоли бўлган байроқни қўлдан тушириб юбориш хиёнатдек қабул қилинган… Неча-неча замонлар оша халқимизнинг эзгу армонлари ушалиб, мустақиллик йилларида энг аввало, ҳур Ўзбекистоннинг давлат рамзлари: байроғи, герби ва мадҳияси қабул қилинди. Адабиётшунос олим Султонмурод Олим таърифлаганидек, байроғимиздаги мовий ранг тирикликни – оби-ҳаётни, мусаффо осмонни, тинчлик-омонликни, ҳалоллик, эзгулик, бағрикенгликни, шон-шуҳрат ва садоқатни, донишмандликни ифодалайди. Байроғимиз ўртасидан ўтган оқ ранг, аввало, поклик, беғуборлик, софлик, самимий тилаклар, эзгу орзу-ҳаёллар ифодасидир. Билъакс, халқимизда “Оқ йўл”, “Оппоқ тилаклар” иборалари бежиз қўлланилмайди. Мовий осмонимиз, покиза туйғуларимиз эса тириклигимиз, барҳаётлигимиз туфайли барқарор! Тириклик ифодаси яшиллик- янгиланиш, умид ва шод-хуррамлик белгиси. Байроғимиз моҳиятини тўлдирувчи яна бир муҳим омил – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатадиган қизил чизиқлардир. Байроғимизга мантиқан тугаллик бағишлаган навқирон Ой ва 12 чароғон юлдуз тасвири эса тарихий анъаналаримиз, шарқона йилномалардаги илми нужумга, аждодларимизнинг барҳаёт анъаналарига садоқатимизни англатади. Қолаверса, эзгуликка, янги-янги марраларга интилиб яшайдиган халқимизнинг йўллари ойдин, келажаги порлоқ эканига ишора, деб тушунсак ҳам асло адашмаймиз. 

Демак, байроғимиз халқимизнинг юзи, қиёфаси, келажак орзу-истаклари, бир ғоя ва бир байроқ остида бирлашган элнинг ифтихоридир. Яъни, халқаро майдонда ўз сўзи, ўтмиши ва келажаги, ўз мустақил тараққиёт йўли бор халқнинг Ватани – Янгиланаётган Ўзбекистон байроғи ҳар бир фуқаронинг ғурури, ор-номуси бўлиши керак. Акс ҳолда байроғимизни кўрганда қалбимизни ҳаяжон, илиқлик, ширин туйғулар қамраб олмаган бўларди. Халқаро анжуманлар, спорт мусобақаларида бошқа давлатлар байроқлари қаторида мустақил Ўзбекистонимизнинг мағрур ҳилпираб турган байроғини кўриб, энтикмаган юрак юракми?!

Узоққа бормайлик, пандемия туфайли шу йили ёзда бўлиб ўтган “Токио – 2020” Халқаро олимпия ўйинларида ғалабага эришиб, Ватан байроғини боши узра баланд кўтарган чемпионларимизнинг қувонч ёшлари кимларни ҳаяжонга солмади дейсиз?! Бундай олижаноб туйғу, менимча, ҳар қандай юксак маънавият, маданиятли инсонга хос фазилатдир! Айниқса, ғолибларимиз шарафига янграган бош қўшиғимиз – Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси жарангидан қаддингизу қадрингиз осмон қадар юксалмадими?! Ана сизга давлатимиз рамзларининг муқаддаслиги! 

Айтмоқчи бўлганимиз, Ватан тимсолларини қўллашда унинг қонун-қоидаларига риоя қилиш маданиятига эгалик ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Жумладан, Давлат байроғини қонунда кўрсатилганидек, барча давлат ва жамоат ташкилотлари пештоқида, турли тадбирларда, масъул ходимлар хоналарида тўғри жойлаштириш, уни эҳтиётлаш ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарур. Мухтасар айтганда, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни 13-моддасида таъкидланганидек, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда турган бошқа шахслар – Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини ҳурмат қилишлари шарт”. Баҳодир Аҳмедов, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари.

манбаа: uza.uz