18 ноябрь — Ўзбекистонда давлат байроғи куни. Байроқлар тарихига назар соламиз
Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи герб ва мадҳия сингари давлат суверенитетининг асосий белгиларидан биридир. 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилганидан сўнг ўша йилнинг 18 ноябрида Олий Кенгашнинг VIII сессиясида янги мустақил давлатнинг миллий рамзларидан бири – давлат байроғи қабул қилинди. Шу кундан бошлаб 18 ноябрь Давлат байроғи куни сифатида нишонланиб келинади.
Маълумки, Ўзбекистон ҳудудида тарихда кўплаб қудратли давлатлар мавжуд бўлган. Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Чиғатой улуси, Темурийлар, Шайбонийлар, Бухоро, Хоразм, Қўқон хонликлари, Бухоро, Хоразм, Туркистон республикалари шулар жумласидандир. Бу давлатларнинг ҳар бири ўз байроғига эга бўлган. Байроқлар жангларда кўтариб юрилган, унинг ерга қулаши эса мағлубият билан тенг бўлган. Байроқни ерга қулатмаслик учун байроқдорлар жонларини ҳам аямаган. Шунингдек, байроқлар давлат идораларига, ҳукмдорлар, валиаҳдлар ва амалдорларнинг саройлари ва чодирларига, чегара нуқталарига, забт этилган шаҳар ва қалъалар тепасига тикилган.
840–1212 йилларда Қорахонийлар давлати ўз байроғига эга бўлган. Унда қадимги туркларга хос бўлган белгиларни кўриш мумкин.
Ануштегиний Хоразмшоҳлар давлати ҳукм сурган йиллар — 1077–1231 йилларда давлат рамзи ўлароқ қора рангдаги байроқ хизмат қилган.
Оқ тўғри тўртбурчак ичида сариқ квадрат шаклидаги байроқ Ўзбекистон ерларида 1224–1340 йилларга ҳукм сурган Чиғатой улусининг байроғидир. Чиғатой улуси ўзбек давлатчилиги, айниқса, ўзбек тили тарихида ўзига хос ўрнига эга.
1370–1507 йилларда мавжуд бўлган Темурийлар давлатининг байроғи. Байроқдаги уч нуқта Темур давлатининг дунёнинг уч қитъасига ёйилганини ифодалайди.
Ўзбек давлатчилигида энг катта ўринга эга бўлган, замонавий Ўзбекистоннинг энг катта ҳудудларини ўз ичига олган Бухоро давлати ҳам ўзтга хос байроққа эга бўлган. Бухоро 1500–1785 йилларда хонлик, ундан кейин 1920 йилгача амирлик бўлган.
Бу байроқ Бухоро амирлигига тегишли бўлиб, 1868 йилда Амир Музаффархон томонидан тасдиқланган. У қолган байроқларга нисабатан белгиларга ва ёзувларга бойлиги учун уларга шарҳ бериб ўтамиз.
Оқ рангли ҳамда кўк рангдаги ярим ой шакли туширилган байроқ Хоразм хонлигининг 1917 йилгача амалда бўлган байроғи ҳисобланган.
Бухоро, Хоразм, Туркистон ҳудудида совет ҳокимияти ўрнатилгач, байроқлар ҳам советча андозада чиқарилган. Миллий-ҳудудий чегараланишгача Бухоро республикасида олтита, Хоразмда бешта, Туркистонда иккита байроқ алмашган.
Ўзбекистон ССР тузилганидан кейин 1925 йилдан 1952 йилгача олтита намунадаги байроқ алмашган. 1952 йил 29 августдан 1991 йил 18 ноябргача қуйидаги намунадаги байроқ амал қилган.
Мустақил Ўзбекистон
Амалдаги байроқ 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғри тўртбурчак шаклдаги матода акс этган бўлиб, учта асосий горизонтал рангдор бўлакка (ёрқин мовий, оқ, ёрқин яшил) бўлинган. Бу бўлаклар орасини иккита қизил рангдаги горизонтал чизиқ ажратиб туради.
teznews.uz сайти маълумотларидан фойдаланилди