“Шарғункўмир” АЖда меҳнат қилиб келаётган ишчи – ходимлар қадимий Хива шаҳрининг машҳур жойларига саёҳат қилишди
“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида, «Шарғункўмир» АЖ Касаба уюшма қўмитаси томонидан 2024 йилнинг 1-3 октябрь кунлари қадимий Хива шаҳрига саёҳат уюштирилди.
Тадбир доирасида жамиятда меҳнат қилиб келаётган 44 нафар фаол ишчи – ходимлар қадимий Хива шаҳрининг машхур жойларига саёҳат қилдилар.
Хоразм ўлкасининг марвариди ҳисобланган бу шаҳар нафақат тарихда, балки бугунги кунда ҳам Ўзбекистон учун аҳамиятли шаҳарлардан биридир. Ҳар йили турли давлатлардан минглаб туристлар шаҳарга саёҳат учун келадилар.
Халқаро Туркий ташкилоти (Турксой) томонидан 2020 йилда Хива шаҳри Турк дунёси маданияти пойтахти сифатида эълон қилинган эди. 2024 йилда Хива шаҳри “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” деб эълон қилинди.
Жамиятимиз томонидан ташриф буюрган саёҳатчилар Хива шаҳрининг Қадимги Хоразм тарихи музейи, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган Қўҳна арк саройи, Оқ шайх бобо тепалиги, Мухаммад Раҳимхон, Мухаммад Аминхон, Хожа Бердибой ва Шерғозихон мадрасалари ва Калта Минор минорасида бўлдилар. Паҳлавон Маҳмуд ва Саид Аловуддин мақбаралари ҳамда Ислом Хўжа мажмуасини зиёрат қилиб, Тош ҳовли саройи, Адабиёт ва Хоразм тарихи музейи, Хоразм хунармандчилиги, Хоразм ёғоч ўймакорлиги музейларига ташриф буюрдилар. Бой тарихий маданиятга эга бўлган Хива шаҳрига уюштирилган саёҳатдан кўнгли тўлган сайёҳлар келажакда ушбу шаҳарга яна ташриф буюриш истагини билдиришди.
Қуйида саёҳат давомида олинган фотолавҳалар билан танишишингиз мумкин
«Шарғункўмир» АЖ матбуот хизмати ва Касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида тайёрланди