Президент тадбиркорлар учун қандай енгилликларни эълон қилди?
684 ko'rishlar

Президент тадбиркорлар учун қандай енгилликларни эълон қилди?

18 август куни президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида кўплаб янгиликларни эълон қилди. Қуйида давлат раҳбари билдирган ташаббуслар санаб ўтилади.

«Tax gap» тизими бекор қилинади

Ҳозирда тадбиркорларни хавф гуруҳига киритиш тизими ёпиқ бўлиб, интизомли солиқ тўловчилар ҳам қайсидир ҳамкори қачонлардир хато қилган бўлса, унинг учун ҳам жавоб бермоқда.

Ўтказилган сўровларда қўшилган қиймат солиғи тўловчиларнинг 70 фоизи ушбу солиқни қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш, яъни «tax gap»тизими адолатсиз эканини билдирган.

Солиқ тизимидаги коррупция билан боғлиқ шикоятлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани ҳам айнан «tax gap»билан боғлиқ.

1 октябрдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғини қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиёти, яъни «tax gap» бекор қилинади. 

Шу билан бирга, Савдо-саноат палатаси ва бизнес-омбудсман соҳа вакиллари билан бирга тадбиркорларнинг очиқ-ошкора рейтингини жорий қилади.

Бунда, келгуси йил 1 январдан бошлаб рейтинги юқори корхоналар:

  • барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилинади;
  • уларга қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисми бир кунда қайтариб берилади;
  • қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини вақтинчалик тўхтатиб туриш амалиёти бекор қилинади.

Тадбиркорларнинг тўғридан тўғри судга шикоят қилишидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланади

Тадбиркорнинг солиқ идоралари билан бўладиган барча низолари маъмурий суд ваколатига ўтказилади. Шунингдек, тадбиркорларнинг тўғридан тўғри судга шикоят қилишидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланади.

Солиқ бўйича тадбиркорларга нисбатан даъво киритиш муддати ҳозирги 5 йилдан 3 йилга туширилади. 

Ҳозирги кунда тадбиркорлар 140 дан ортиқ ҳисобот доирасида 8 мингга яқин кўрсаткичларни 16та давлат идорасига топширишга мажбур. Оқибатда 500 минг тадбиркор ҳар йили бундай турли ҳисоботларни тайёрлашга 300 миллиард сўм сарфламоқда.

Шу боис 2024 йил 1 январдан бошлаб:

  • бир-бирини такрорловчи ва эскирган ҳисоботлар тугатилади;
  • барча ҳисоботларни ягона электрон тизим орқали тақдим этиш йўлга қўйилиб, уларнинг қоғоз шакли бекор қилинади (ҳозирда 15 фоиз ҳисоботлар қоғозда топширилади).

Қишлоқ қурилиш банк Бизнесни ривожлантириш банкига айлантирилади

«Сўнгги йилларда мамлакатда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича катта амалий ишлар қилинди. Натижада бугун ҳар бир маҳаллада камида 40-50 нафар янги тадбиркорлар пайдо бўлиб, минглаб доимий иш ўринлари яратилмоқда.

Лекин кичик бизнесни манзилли қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш борасида қулай муҳит ҳали тўлиқ шаклланиб улгурмади», деди давлат раҳбари.

Кичик тадбиркорлар «оёққа туриб олиши» ва фаолиятини кенгайтириши учун мутлақо янги ёндашувлар жорий қилинади. Хусусан, ушбу соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа қилиб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор ва бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит экотизим яратилади.

Қишлоқ қурилиш банк Бизнесни ривожлантириш банкига айлантирилади. Ушбу янги банкнинг фаолияти ҳам, ишлаш услуби ва молиялаштириш механизмлари ҳам янгича бўлади.

Жумладан, банк ҳузурида ҳар бир ҳудудда жами 14та кичик бизнес марказлари ташкил этилади. Марказлар ташаббускорларнинг бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашади, ўз ҳисобидан янги лойиҳа қилмоқчи бўлган тадбиркорларни ўқитади, янги лойиҳаларга зарур мутахассисларни жалб қилади, тадбиркорлар учун бухгалтерия, солиқ, аудит, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматларини кўрсатади.

Йирик хорижий брендларни жалб қилган корхоналарга грант берилади

Президент экспортни кенгайтириш бўйича яна бир катта имконият бу –  нуфузли хорижий брендларни жалб қилиш эканини таъкидлади.

Йиллик бозори 100 миллиард доллардан ошадиган дунёнинг энг машҳур 50 та бренд корхоналари Ўзбекистон билан ишлашга катта қизиқиш билдирган. Испания, Германия, Польша, Туркиянинг йирик брендлари билан музокаралар ўтказилган. Улар маҳаллий корхоналарга 3 миллиард долларлик буюртма беришга ҳозирнинг ўзида тайёр.

Бунда 3 та энг катта масала ҳал қилинади. Жумладан:

  • ишлаб чиқаришга халқаро стандартлар, экология ва сертификатлаш талаблари жорий этилади. Бунинг учун маҳаллий корхоналарнинг мутахассислари уларнинг талаби асосида ўқитилади;
  • маҳаллий корхоналардаги ишчиларга муносиб меҳнат шароитлари яратиб берилади;
  • брендларнинг маҳсулотларини олиб кириш ва экспорт қилиш учун қулай божхона режими жорий қилинади.

Йирик брендларни жалб қилган корхоналарга 50 миллион сўмдан грант ажратилади.

Президент Германиянинг «Digel» брендини жалб қилган Намангандаги «Fazman tekstil» корхонасига ҳамда АҚШнинг «Nike» брендини жалб қилган Андижондаги «Sino International» корхонасига биринчи бўлиб ушбу грантни беришни таклиф қилди.

Камерал назоратда тадбиркордан ҳужжат талаб қилиш ёки уни идорага чақириш қатъиян тақиқланади

Очиқ мулоқотда ҳозирда камерал назорат тўлақонли солиқ текширувига айланиб кетгани ва бу коррупцияга ҳам йўл очиб бераётгани алоҳида таъкидланди.

Эндиликда камерал назоратда тадбиркордан ҳужжат талаб қилиш ёки уни идорага чақириш қатъиян тақиқланади.

Шунингдек, алоҳида очиқ-ошкора платформа яратилиб, солиқчилар кўрсатган хизматлар сифатига тадбиркорларнинг ўзи баҳо берадиган тизим йўлга қўйилади.

Шунингдек, ҳозирда солиққа оид битта ҳуқуқбузарлик учун тадбиркор сифатида молиявий жарима, жисмоний шахс сифатида маъмурий жарима қўлланмоқда. Бундай амалиёт бекор қилиниши таъкидланди.

Тадбиркорларга қўлланаётган жарималар улар фаолиятининг тўхтаб қолишига сабаб бўлмаслиги зарурлиги қайд этилди.

Шу нуқтайи назардан уч ойда барча молиявий санкциялар қайта кўриб чиқилиб, адолатли меъёрлар белгиланади.

Тадбиркорларга «140 та илғор саноат корхонаси» лойиҳалари тақдимот қилинди

Халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал, заргарлик, қурилиш материаллари, мебелсозлик, полимер, кимё ва озиқ-овқат саноати бўйича 140 та тайёр лойиҳа ишлаб чиқилди.

Ушбу лойиҳаларнинг жами қиймати 10 миллиард долларга тенг бўлиб, уларда 60 мингта иш ўринларини яратиш, йилига 5 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 2,5 миллиард долларлик экспорт қилиш кўзда тутилган.

Мазкур 140 та лойиҳа электрон платформага қўйилиб, тадбиркорларга очиқ-ошкора шартлар асосида таклиф қилинмоқда.

Дастурга кирган корхоналарга Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 10 йил муддатга паст фоизли кредитлар ажратилади.

Ҳудудлардаги кичик бизнес марказларида ўқиган тадбиркорларнинг лойиҳалари молиялаштирилади

Ҳудудлардаги кичик бизнес марказларида ўқиган тадбиркорларнинг лойиҳаларини энг қулай шартларда молиялаштириш йўлга қўйилади.

Бунда, кичик бизнес лойиҳасининг 10 фоизига тадбиркор инвестиция киритса, 45 фоизига Бизнесни ривожлантириш банкининг ўзи, қолган 45 фоизи учун давлат кўмагида ресурс йўналтирилади.

Кредитлар тадбиркорларга 5-7 йил муддатга имтиёзли шартлар асосида берилади. Ушбу маблағларнинг 150 миллион доллари бўйича кредит линиялари 1 октябрдан очилади.

Ўз бизнесини йўлга қўя олган, «кредит ва солиқ тарихи» тоза бўлган тадбиркорларга фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш учун кредит олишда гаров талаби 50 фоизга камайтирилади.

 Шунингдек, лойиҳа доирасида олиб кириладиган асбоб-ускунани суғурталаш, хомашё ва материалларни сертификатлаш харажатлари марказлар томонидан қоплаб берилади.

Умуман, дастурда иштирок этаётган кичик бизнес корхоналари фаолиятини уч йилгача текширишга йўл қўйилмайди.

kun.uz сайтидан олинди