“Шарғункўмир” АЖ бош директори Х.Н.Абдуллаевнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан байрам табриги
474 ko'rishlar

“Шарғункўмир” АЖ бош директори Х.Н.Абдуллаевнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан байрам табриги

Ассалому алайкум, қадрли ва муҳтарам кончилар!

 Аввало, сиз азизларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Ҳеч шубҳасиз, барчамиз учун энг улуғ ва муқаддас бўлган бу байрам шукуҳи оилаларимиз даврасида, қалбларимизда, юракларимизда давом этади.
Башарият тарихи шундан далолат берадики, ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлади. “Ҳақ берилмас, ҳақ олинур!” деб миллат озодлиги йўлида жонини фидо қилган улуғ аждодларимизнинг буюк мақсади ҳам шу эди.
Халқимизнинг беқиёс жасорати ва матонати билан Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов бошчилигида қўлга киритилган давлат мустақиллиги ана шу асрий орзуимизни амалда таъминлаган оламшумул воқеадир.
Биз қандай таҳликали ва суронли даврларни бошимиздан кечирмайлик, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлмайлик, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда.
Бугун чексиз ифтихор билан айта оламизки, донишманд халқимизнинг узоқни кўра олиши, бирдамлиги ва фидойи меҳнати билан барча синовлардан муносиб ўтиб келмоқдамиз.
Шу нуқтаи назардан, бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади.
Муҳтарам юртбошимиз ташаббуси ила “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир.

Азиз ва муҳтарам кончилар!

Сизларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами билан яна бир бор чин дилдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва омад ёр бўлсин!
Фарзандлар, набиралар камолини кўриб юриш ҳаммамизга насиб этсин!
Гўзал ва бетакрор юртимиз ҳамиша тинч ва фаровон бўлсин!
Меҳнаткаш ва олижаноб, бағрикенг кончиларимиз доимо соғ-омон бўлсин!
Яратганнинг ўзи барчамизни паноҳида асрасин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

“Шарғункўмир” АЖ бош директори Х.Н.Абдуллаев