“Шарғункўмир” АЖда “Наврўз” байрами
303 ko'rishlar

“Шарғункўмир” АЖда “Наврўз” байрами

Наврўзи оламни биз барча шарқ халқлари қаторида азал-азалдан минг йиллар давомида эъзозланиб келаётган, энг қадимий ва энг севимли, ҳақиқий умумхалқ байрами сифатида қадрлаймиз. Азалий ва абадий байрам – Наврўз эл-улус қалбида яратиш ва бунёдкорлик ҳисларини ўзида мужассам этган, элимизнинг табиати, онгу-тафаккури ва қалбига, ҳар бир оила ва хонадонига шоду – хуррамлик олиб кириши билан азиз ва суюклидир. Шу сабабли халқимиз ушбу кунни муносиб қаршилаш учун Наврўз арафасида ҳар хил сайллар, байрамлар ва шу каби тадбирлар уюштиришади. Худди шундай тадбир – жорий йилнинг 15 март куни “Шарғункўмир” АЖда “НАВРЎЗ” байрами  кенг нишонланди. Дастурхонлар безалиб унда қўли гул моҳир пазандалар томонидан тайёрланган баҳорий таомлар тортилди.

Байрамга жамият жамоасидан ташқари корхонада ишлаб нафақага чиққан фахрийлар, ишлаб ногиронлик олганлар, ҳамда фахрий меҳмонлар Термиз Минтақавий темир йўл узелидан, шунингдек чет эл ҳамкорларимиз бўлмиш Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар ташриф буюришди.

Байрам тадбирининг очилишида “Шарғункўмир” акциядорлик жамияти бош директори  Абдуллаев Хамза Найимович сўзга чиқиб барчани “Наврўз”  айёми билан муборакбод этди. Жамиятнинг охирги йиллардаги эришилган ютуқларига тўхталар экан, ушбу ютуқлар жамият ишчи ва хизматчи ходимларининг фидокорона меҳнати махсули эканлигини таъкидлади. Шунингдек жамият раҳбари ўз сўзининг давомида шу кунларда ишга туширилиши кутилаётган янги лойиҳа ҳақида тўхталиб ўтди. Бу лойиҳа амалга ошгач Шарғун кўмир конининг йиллик қазиб олиш қувватини 1 миллион тоннага етказиш ва қўшимча 750 та иш ўрни яъни корхонада жами 1500 киши фаолиятини  олиб бориш имконияти яратилишини айтиб ўтди. Шунингдек тадбирда “Шарғункўмир” АЖ бош муҳандиси Сурхонов Шавкат Жўрақулович, Термиз МТУ Худудий хотин кизлар маслахати кенгаши раиси Норпулатова Махфират ва Термиз МТУ Худудий хотин кизлар маслахати кенгаши раиси уринбосари Лариса Абдаловалар сўзга чиқиб барча қатнашчиларни ушбу айём билан муборакбод этишди.

Байрамнинг бадиий қисмини бошлаб берган машҳур фольклор санъатининг устаси Мухаммади Имомов бошчилигидаги “Дашнобод анори” фольклор-этнографик халқ ансамблининг чиқишларини байрам безаги бўлди дейиш мумкин. Асрлар давомида оғиздан оғизга ўтиб келаётган Халқ оғзаки ижоди намуналаридан ташкил топган шўх лапарлар ва яллалар барчада ёрқин таассуротлар қолдирди.

Сариосиё туманининг маҳаллий хушовоз ҳофизлари Сайриддин Саидов, Дилоромхон ва сўз устаси Шавкатбекларнинг чиқишлари даврага янада файз киритиб давра қатнашчиларини хурсандчилигига сабаб бўлди.

 Тадбирда эл суйган санъаткор, Қорақалпоғистон ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Махмуд Намозов ташриф буюриб ишчи-ходимларимизни кайфиятга кайфият қўшиб, ўзининг бир-биридан чиройли қўшиқларини куйлади. Ҳофиз дилтортар куй ва қўшиқлари билан давра қатнашчиларини ҳам ўйинга тортди.

“Шарғункўмир” АЖда Наврўз байрами миллийлигимизга асосланган ҳолда бўлиб ўтди. Байрам жуда ҳам кўтаринки кайфиятда ўтди. Байрам тадбири  барчанинг қалбига НАВРЎЗ хурсандчилигини олиб кирди дейиш мумкин. Наврўз байрами муносабати билан миллийлигимизни кўрсатиш мақсадида конкурс танлови эълон қилинди. Унда жамиятнинг моҳир қўлли хотин-қизлари ўзларининг пазандаликларини нафис санъат даражасига келтиришини намойиш этиб, турли хил таомлар ва пишириқлар тайёрлашди. Конкурс якунида ғолиблар “Шарғункўмир” АЖ касаба уюшма қўмитаси томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шу билан бирга участкалараро спортнинг мини футбол тури бўйича мусобақаси бўлиб ўтди. Бу мусобақада 3 ўринни Ҳарбийлаштирилган кон қутқарув қисми,

2 ўринни бошқарув аппарати жамоаси

ва фахрли 1 ўринни Қўриқлаш хизмати жамоаси эгаллаб, “Шарғункўмир” АЖнинг янги чемпиони бўлди. Ғалаба муборак бўлсин!

Шундан сўнг яна спортнинг шашка, дартс, стол тенниси ва арқон тортиш тури бўйича мусобақалари ҳам бўлиб ўтди, бу мусобақалар ғолиблари ҳам “Шарғункўмир” АЖ касаба уюшма қўмитаси томонидан пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тинчлик осойишталик ҳукмрон бўлган, осмони мусаффо, халқи бағри кенг юртга, фидокорона меҳнати ва улкан меҳнат зафарлари билан юртимизда ном қозонаётган “Шарғункўмир” АЖга шундай байрамлар ярашади. ЮРТИМИЗГА КИРИБ КЕЛАЁТГАН НАВРЎЗ АЙЁМИ БАРЧАМИЗГА МУБОРАК БЎЛСИН!

Материал “Шарғункўмир” АЖ матбуот хизмати ва Касаба уюшмаси ҳамкорлигида тайёрланди