Табриклаймиз, қутлаймиз!
320 ko'rishlar

Табриклаймиз, қутлаймиз!

Хабарингиз бор, куни кеча Президент Фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳи мукофотланди.

Улар орасида Сариосиё тумани «Шарғункўмир» акциядорлик жамиятининг ер ости усулида кўмир қазиб олиш участкаси тоғ ишчиси Камол Хуррамович Нормаматов ҳам борлиги қувонарлидир. Энг улуғ ва энг азиз айём — Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги арафасида Камол Хуррамович мамлакатимиз Президентининг Фармонига кўра, «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Кеча Сурхондарё вилоят ҳокимлигида тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов тақдирланувчиларга, жумладан ҳамкасбимиз Камол Хуррамович Нормаматовга “Дўстлик” орденини шахсан юртбошимиз номидан топширди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, Камол Нормаматов ўз фаолиятини 1992 йилда – Шарғун кўмир кони  «Техник назорати» участкасининг  1- разрядли ер усти тоғ-кон ишчиси вазифасида бошлаган. Айни кунларда у Сариосиё тумани “Шарғункўмир” акциядорлик жамияти  “1-сон ер ости усулида кўмир  қазиб олиш” участкасининг 5- разрядли тозалаш забойи ер ости тоғ ишчиси сифатида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Айни пайтда турмуш ўртоғи Муҳаббат Нормаматова билан бир қиз ва уч ўғилни тарбиялаб вояга етказмоқда. Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик, нақлига амал қилган Камол Нормаматов оиласи Сариосиё туманидаги “Бойсунобод” маҳалласининг ибратли оилаларидан саналади.

Фурсатдан фойдаланиб, кўпсонли жамоамиз номидан ҳамкасбимизни давлатимизнинг юксак эътибори ва эътирофи билан самимий муборакбод этамиз. Мустаҳкам соғлик, узоқ умр, оилавий бахт ва келгуси ишларида муваффақиятлар тилаймиз.

Қуйида вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирдан фотолавҳаларни кўришингиз мумкин