Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти — Economic Cooperation Organisation

Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти — Economic Cooperation Organisation

Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти ҳақида маълумотлар ва қизиқарли фактларни билиб олинг.

Барчамизга маълумки, 9 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Ҳамкорликда иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт сари” шиори остида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Анвар ул-Ҳақ Какар, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов ва ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирий иштирок этди.

Эндиликда барчани қизиқтирган савол, ИҲТ нима? У қандай ташкилот? деган саволлар ҳам янграш эҳтимоли кам эмас. Ҳатто, бу ташкилотни умрида илк бор эшитиб турган инсонлар ҳам бор бўлиши мумкин.

Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти

Ташкилотнинг илк номи «Минтақавий Ҳамкорликни Ривожлантириш» бўлиб, Туркия, Эрон ва Покистон давлатлари томонидан, 1964 йилда ташкил этилган. ХХ асрнинг 70 йилларига келиб ички савдонинг сусайиб кетиши МҲРнинг фаолиятини тўхтатишга сабаб бўлган. 1985 йилда «Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти» номи остида ўз фаолиятини қайтадан бошлаган. ИҲТ ҳозирги кўринишга 1992 йил 28 ноябрдаги фавқулодда йиғилишдан сўнг эришган. Покистон пойтахти Исломободда бўлган йиғилишда Афғонистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирлари қатнашган ҳамда давлатлар ташкилотга аъзо бўлишган.

Untitled

ИҲТнинг асосий мақсадлари

Ташкилотнинг асосий мақсадлари ўлароқ, савдо-сотиқ алоқаларини юксалтириш, ҳар бир аъзо мамлакатда аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлашдир. Шунингдек, аъзо мамлакатларнинг маданий алоқаларини юксалтириш ҳам ташкилотнинг асосий мақсади ҳисобланади. Умумий қилиб айтганда, давлатлар аро иқтисодий алоқаларни яхшилашдир.

Саммитлар ва Бош котиблар

ИҲТ тарихида энг кўп саммитларга мезбонлик қилган давлат Туркиядир (4 марта). Кейинги ўринларда Эрон ва Туркманистон бўлиб, бу икки давлат 3 мартадан ИҲТ саммитларига мезбонлик қилганлар. Ҳозирда Тошкентда ўтаётган саммит Ўзбекистон мезбонлик қилаётган илк ИҲТ саммитидир. Шунингдек, ташкилотнинг Бош котиблари ҳам бўлиб, улар котибият курсисини ўрин алмашган ҳолда бошқарувчи шахслардир. Бу йилги саммит котиби Тожикистонлик Ҳусрав Нозири ҳисобланади.

ИҲТга азо давлатлар

Ташкилот географик жиҳатдан катта бўлиб, Яқин Шарқдан Жануби-шарқий Осиё чегарасига қадар чўзилган.

  • Афғонистон
  • Эрон
  • Озарбайжон
  • Покистон
  • Қирғизистон
  • Қозоғистон
  • Тожикистон
  • Туркия
  • Туркманистон
  • Ўзбекистон

bugun.uz сайти маълумотлари асосида тайёрланди