Бугун — Ўзбекистон Давлат мадҳияси қабул қилинган кун. Мадҳиямиз ҳақида нималарни билишимиз зарур?
1,538 ko'rishlar

Бугун — Ўзбекистон Давлат мадҳияси қабул қилинган кун. Мадҳиямиз ҳақида нималарни билишимиз зарур?

Бугун Давлат мадҳияси қабул қилинганига 31 йил тўлди. 1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган эди.

Ҳар куни беқиёс замин, жаннатмакон ўлкада яшаётганимизни дилимизга жо этиб тургувчи қадрдон мадҳиямиз эса мадҳияликка номзод 80 га яқин шеърнинг сардори сифатида қалбларимизга жо бўлган. Ҳар бири махсус комиссия томонидан ғоят синчковлик билан, жиддий кўриб чиқилган дастлабки мадҳиялардан қирққа яқини саралаб олиниб, уларнинг 27 таси танловнинг I босқичида иштирок этди. II ва III босқичлардан муваффақиятли ўтган 3 та мадҳия матни эса финал босқичига муносиб кўрилди. Булар — Мутал (Мутаваккил) Бурхонов ва Абдулла Орипов, Бахтиёр Алиев билан Абдулла Орипов, Рустам Абдуллаев ва Мирпўлат Мирзо ҳамкорлигидаги мадҳиялар эди.

1992 йил 10 декабрь куни Олий Кенгашнинг 400 дан зиёд депутат йиғилган 11-сессиясида гулдурос қарсаклару олқишлар билан Мутал Бурхонов ва Абдулла Орипов муаллифлигидаги ҳозирги мадҳиямиз қабул қилинди. Зеро, ўз ишининг моҳир усталари бўлган икки муаллифнинг улкан ижодий салоҳияти акс этган мадҳиямиз бошидан охирига қадар қалбимизни ҳаяжонга соладиган сеҳрга эга. Юртимизга хос барча улуғворлик, халқимизга хос барча буюклик мужассам бўлган унда.

Қонунда мадҳия давлат суверенитетининг рамзи, унга эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчи экани қайд этилган. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги алоҳида таъкидланган.

Ҳа, халқимизнинг ягона муқадас қўшиғини яратиш жараёнида иштирок этган барча юртдошларимиз чинакам ватанпарварлар. Улар ўз матнларида она диёримиз, халқимизни шарафлаган улуғвор сўзлари билан ватанни севаверадилар. Лекин мадҳиямизга ҳурмат бажо келтириб, ўнг қўлини кўксига қўйган ҳолда юракнинг тубидан унга ҳамоҳанг бўлиш ҳам ватанпарварликнинг энг юксак даражаси аслида. Бу даражага эришиш ўзини шу юртнинг фарзанди деб билган ҳар бир инсонга, ҳар бир юртдошимизга шараф бағишлайди. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасида “…Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир”, деб ёзиб қўйилган.

Қонунда мадҳия ижро этилаётганда ўзимизни қандай тутишимиз кераклиги ҳам аниқ кўрсатиб қўйилган. Мадҳия тўғрисидаги қонуннинг 7-моддасида у кўпчилик ҳузурида ижро этилганда, агар қонунчиликда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ҳозир бўлган кишилар мадҳияни тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб, ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглайди. Агар мадҳиянинг ижро этилиши давлат байроғининг кўтарилиши билан биргаликда амалга оширилса, ҳозир бўлган кишилар унга юзи билан бурилади. Таълим муассасаларида ижро этиш — Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги манфаатдор ташкилотлар билан келишиб туриб белгилаб қўядиган қоидалар билан тартибга солинади. Қонунда мадҳияга оид шундай тартиб-қоидалар белгиланган.

Қонуннинг энг охирги — 13-моддасида эса “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ҳурмат қилиши шарт”лиги кўрсатилган. Зеро, Давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради ҳамда БҲМнинг 25 бараваригача (6 млн 750 минг сўмгача) миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Давлат мадҳиясининг муаллифи Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бўлиб, мусиқасини Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов яратган. Унда буюк ўтмиш, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.

Ўзбекистон Республикаси мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.

uza.uz ва yuz.uz сайти маълумотларидан фойдаланилди.