18 ноябрь — Ўзбекистонда давлат байроғи куни. Байроқлар тарихига назар соламиз
2,895 ko'rishlar

18 ноябрь — Ўзбекистонда давлат байроғи куни. Байроқлар тарихига назар соламиз

Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи герб ва мадҳия сингари давлат суверенитетининг асосий белгиларидан биридир. 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилганидан сўнг ўша йилнинг 18 ноябрида Олий Кенгашнинг VIII сессиясида янги мустақил давлатнинг миллий рамзларидан бири – давлат байроғи қабул қилинди. Шу кундан бошлаб 18 ноябрь Давлат байроғи куни сифатида нишонланиб келинади.

Маълумки, Ўзбекистон ҳудудида тарихда кўплаб қудратли давлатлар мавжуд бўлган. Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Чиғатой улуси, Темурийлар, Шайбонийлар, Бухоро, Хоразм, Қўқон хонликлари, Бухоро, Хоразм, Туркистон республикалари шулар жумласидандир. Бу давлатларнинг ҳар бири ўз байроғига эга бўлган. Байроқлар жангларда кўтариб юрилган, унинг ерга қулаши эса мағлубият билан тенг бўлган. Байроқни ерга қулатмаслик учун байроқдорлар жонларини ҳам аямаган. Шунингдек, байроқлар давлат идораларига, ҳукмдорлар, валиаҳдлар ва амалдорларнинг саройлари ва чодирларига, чегара нуқталарига, забт этилган шаҳар ва қалъалар тепасига тикилган.

 840–1212 йилларда Қорахонийлар давлати ўз байроғига эга бўлган. Унда қадимги туркларга хос бўлган белгиларни кўриш мумкин.

Ануштегиний Хоразмшоҳлар давлати ҳукм сурган йиллар — 1077–1231 йилларда давлат рамзи ўлароқ қора рангдаги байроқ хизмат қилган.

Оқ тўғри тўртбурчак ичида сариқ квадрат шаклидаги байроқ Ўзбекистон ерларида 1224–1340 йилларга ҳукм сурган Чиғатой улусининг байроғидир. Чиғатой улуси ўзбек давлатчилиги, айниқса, ўзбек тили тарихида ўзига хос ўрнига эга.

1370–1507 йилларда мавжуд бўлган Темурийлар давлатининг байроғи. Байроқдаги уч нуқта Темур давлатининг дунёнинг уч қитъасига ёйилганини ифодалайди.

Ўзбек давлатчилигида энг катта ўринга эга бўлган, замонавий Ўзбекистоннинг энг катта ҳудудларини ўз ичига олган Бухоро давлати ҳам ўзтга хос байроққа эга бўлган. Бухоро 1500–1785 йилларда хонлик, ундан кейин 1920 йилгача амирлик бўлган.

Бу байроқ Бухоро амирлигига тегишли бўлиб, 1868 йилда Амир Музаффархон томонидан тасдиқланган. У қолган байроқларга нисабатан белгиларга ва ёзувларга бойлиги учун уларга шарҳ бериб ўтамиз.

Байроқ оч яшил рангда бўлиб, унинг чап томонида амирнинг исми, ўнг томонида тавҳид калимаси ёзилган. Ёзувларнинг ўртасида ярим ой ва беш қиррали юлдуз, унинг пастида эса панжа тасвири туширилган. Ярим ой ва юлдуз туркий диёрлардаги ислом рамзи бўлса, панжа тасвири «Фотима қўли» деб номланади ва ўзига хос тумор вазифасини ўтаган.

Оқ рангли ҳамда кўк рангдаги ярим ой шакли туширилган байроқ Хоразм хонлигининг 1917 йилгача амалда бўлган байроғи ҳисобланган.

Бухоро, Хоразм, Туркистон ҳудудида совет ҳокимияти ўрнатилгач, байроқлар ҳам советча андозада чиқарилган. Миллий-ҳудудий чегараланишгача Бухоро республикасида олтита, Хоразмда бешта, Туркистонда иккита байроқ алмашган.

Ўзбекистон ССР тузилганидан кейин 1925 йилдан 1952 йилгача олтита намунадаги байроқ алмашган. 1952 йил 29 августдан 1991 йил 18 ноябргача қуйидаги намунадаги байроқ амал қилган.

Мустақил Ўзбекистон

Амалдаги байроқ 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғри тўртбурчак шаклдаги матода акс этган бўлиб, учта асосий горизонтал рангдор бўлакка (ёрқин мовий, оқ, ёрқин яшил) бўлинган. Бу бўлаклар орасини иккита қизил рангдаги горизонтал чизиқ ажратиб туради.

Байроқдаги мовий ранг зангори осмон ва мусаффо сув рамзидир. Оқ ранг — тинчлик ва поклик тимсоли. Оқ ранг Ўзбекистон танлаган йўлнинг мусаффо ва чароғон бўлиши учун яхши ният рамзидир. Қизил йўллар — ҳар бир тирик жоннинг қон томирида уриб турган ҳаётий куч, ҳаёт рамзи.
Яшил ранг — табиат тимсоли. Ярим ой — ислом рамзи. Шунингдек, у юлдузлар билан бирга мусаффо осмон ва тинчликни акс эттиради.
Юлдузлар барча учун руҳоний, илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади. Баъзи манбаларда байроқдаги 12 юлдуз тасвири Ўзбекистоннинг вилоятларини ифодалайди деб кўрсатилган.

teznews.uz сайти маълумотларидан фойдаланилди