
Тўй ва оилавий тадбирларда айрим маросимлар таъқиқланади
Эндиликда Ўзбекистонда тўйлар, оилавий тантаналар, маросим ва бошқа шу каби тадбирлар белгиланган тартиб асосида қатъий назоратга олинади. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси хабар берди.
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни қабул қилинган “Умумий овқатланиш корхоналарида ҳосил бўладиган озик-овкат чиқиндиларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ҳамда ортиқча исрофгарчиликларнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорига кўра, 2026-2030 йиллар “Долзарб озиқ-овқат хавфсизлиги даври” деб эълон қилинади. Шу даврда аҳолига етарли миқдорда ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олиш бўйича тизимли чоралар кўрилади.
Қарор билан “Оқилона истеъмол” дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унга мувофиқ:
Тўйлар, оилавий тантаналар, маросим ва маросимлар 2019 йил 14 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг қўшма қарори билан тасдиқланган низом асосида ўтказилиши шарт.
Ушбу низомга кўра, оилавий тадбирларда 200 нафаргача, шу муносабат билан бериладиган ош маросимида эса 250 нафаргача иштирокчи қатнашиши мумкин.
Қўшалоқ тўй ва ҳашарларда 250 нафаргача, унга боғлиқ ош маросимида эса 300 нафаргача меҳмон бўлиши мумкин.
Низомда, шунингдек, миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган қўшимча расм-русум ва шоуларни ўтказишга рухсат этилмайди:
- Жумладан, “Куёв навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” каби урф-одатлар;
- Дафн ва мотам маросимларига оид “етти”, “пайшанбалик”, “якшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “ҳайит”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” каби ортиқча тадбирлар ҳам таъқиқланади.