Исломда коррупция нима?
Пора олган ҳам, уни берган ҳам дўзахийдир. Муқаддас динимизнинг ушбу қатъий ҳукми коррупция иллати барча замонларнинг «бош оғриғи» бўлиб келганидан далолатдир. Ислом дини жамиятда соғлом муҳитни шакллантиришни ҳамиша диққат марказига қўйгандир. У ўзининг бу олий мақсад йўлида халқ орасидаги барча жабҳадаги иллат ва камчиликларнинг олдига қатъий тўсиқлар қўйган.
Ислом молияси бу биринчи навбатда ҳалол ризқ масаласи, дейиш мумкин. Аллоҳ таоло бандаларига бу синов дунёда танлов ихтиёрини бериб қўйганки, банда ўз ризқини ҳалолдан ҳам, ҳаромдан ҳам териши мумкин. Аммо ҳар икки ҳолатда ҳам банда ўзига ато этилган ризқдан ортиғига эга бўлмайди.
Азалдан-азал қалби тоза инсонлар порахўрлик билкан курашиб келишган ва адолат йўлида қурбон бўлишган. Шуларнинг орасида Абдулла Қодирий ҳам бўлган. Мана унинг романидан бир парча:
– Бир вақт Худоёр, “одил подшоҳ” бўлмоқ ниятида мазкур уч мирзони маҳфий равишда вилоятларга жўнатиб, уларга: “Золим бекларим, порахўр қози ва бошқа амалдорларим бўлса, менга билиб берингиз, мен уларнинг жазоларини бераман”, деб буюради. Сайидхон, мулла Сиддиқ ва Мўминжон – бу учави вилоят, туманларда неча вақт маҳфий кезиб, бек, қози, умуман, мансабдорларни текшириб чиқадилар. Уларнинг тўғри баҳо беришлари натижасида маъмурлардан қарийб тўқсон етти фоизи золим ва порахўр кўрсатилардирлар. Хон бу ҳолга ҳайрон бўлиб, ўрдадан бир неча кишиларга сирни очади. Бу кишилар бояғи уч мирзонинг рақибларидан бўлиб, хонга иғво қиладиларким: “Мирзолар ўзларига пора бергучиларни яхши кўрсатиб, бермагучиларни ёмон кўрсатадирлар. Йўқса сизнинг овони адолатингизда шунчалик ёмонлар бўладими? Бу қўрнамаклар нафс сўзига кириб, жанобингизнинг аксар содиқ қулларингизни сиздан юз ўгиришларига ва салтанатингизга раҳна солишға сабабчи бўлмасинлар”, деб. “Одил подшоҳ” бу иғвога лаққа учиб мазкур уч мирзонинг қулоқ-бурунларини кесиб, ўзларини ўрдадан ҳайдашга ва улар кўрсатган уч фоиз яхши кишиларни ҳам ишдан олишга буюрдилар. Абдулла Қодирий “Меҳробдан чаён” романидан.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди» (Абу Яъло, Баззор ва бошқалар ривояти).
Жамият тараққиётига ва фаровонлигига жиддий зарар келтирадиган, жамиятни ичидан емирадиган иллат бу порахўрлик десак, адашмаган бўламиз. Чунки пора олиш, пора билан ишини битказишга ҳаракат қилиш – буларнинг барчаси ислом умматини ҳар тарафлама орқага тортадиган, тараққиётдан орқада қолишига сабаб бўлаётган қабиҳ иллат, жамият бошидаги улкан бало ва кулфатдир.
Ҳаромга ҳавас туйғусини шакллантиради. Онги етарли даражада шаклланиб улгурмаган ёшлар пора олувчиларнинг ҳаром тўкин-сочин ҳаётига ҳавас қилиб, ҳаёт мазмун-моҳиятини бирор “ёғли” лавозимга эришиш ва шу орқали ўз орзу-истакларини қондиришда кўришни бошлашади. Порахўрликнинг энг ёмон жиҳати ҳам айнан шунда, яъни жамият аъзоларини, биринчи навбатда ёшларни шундай ҳаромга ҳавас билан қараш туйғусини шакллантиришда бўлса керак;
бу адоват. Жамият аъзоларининг бир қисми ноҳақ бойликларга эга бўлиши оқибатида одамлар ўртасида адоват кучаяди;
бу адолатсизлик. Жамият аъзоларининг кўзи кўр, қулоғи кар ёки онги паст эмас. Улар ким нима орқали пул топаётганлигини кўриб, эшитиб туришади ва секин-аста уларнинг ҳисобидан бойлик орттираётган порахўрларни кўриб, бундай адолатсиз ҳолатга йўл қўйиб қўйган давлат тизимидан, бунга масъул мутасаддилардан норози бўлишни бошлашади, албатта, бундай норозилик аста-секин жамиятда ёки тарангликни кучайишига сабаб бўлади (бу эса бир кунмас бир кун жиддийроқ муаммоларга олиб бориши аниқ) ёки тушкунликни келтириб чиқаради (бу эса фуқароларнинг ўз ватанларига бўлган севги ва ишончини ўлдиради. Давлат учун бундан ҳам каттароқ фожиа бўлмаса керак).
Қайси бир тизимни олманг, унда порахўрлик авж олган бўлса, тизимдаги барча, ҳатто оддий ходим ҳам “раҳбарлар пора оляпти-ку, биз олсак нима бўпти?!” қабилида иш тутадиган бўлиб қолади.
Шариатда пора бериш/олиш тўғрисида нима дейилган?
Ислом шариатида порахўрлик гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Имом Шамсиддин Заҳабий “Гуноҳи кабиралар” китобларида порахўрликни мисол қилиб келтирган. Порахўрлик бировнинг молини ноҳақ ейишдир.
Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 188-оятида қуйидагича марҳамат қилади:
“Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорана ташламанг.” Савбон розияллоҳу анҳу айтади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатладилар” (Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривояти). Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зино кенг тарқалган қавм орасида очарчилик, порахўрлик кенг тарқалган қавм орасида қўрқув кўпаяди.” дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Совға шаклида пора олса ёки берса бўладими?
Совға кўринишида берилган ёки олинган пора ҳам ҳақиқий пора ҳукмида бўлиб, бундай қилишга шаръан рухсат этилмайди. Али ибн Абу Толибдан ривоят қилинади:
“Амирнинг ҳадя (совға) олиши ҳаром, қозининг пора олиши куфрдир” (Имом Суютий ривояти).
Ихтиёрий равишда берилган пора ҳақиқий пора каби бўладими?
Ҳатто чин кўнгилдан хоҳлаб берилган тақдирда ҳам, барибир, пора олиш катта гуноҳ ҳисобланади.
Олинган порани нима қилиш керак?
Пора сифатида олинган пул ёки шу каби нарсани қайтариш лозим бўлади, агар уни ишлатиб юборган бўлса, олган миқдорига тенг мол-мулк ёки пулни берган одамга қоплаб бериш мажбурийдир.
Пора бу – бир шахс ҳокимга ҳукмни ўзининг фойдасига чиқариб бериши учун берадиган нарсадир. Абу Наср ал-Бағдодий раҳимаҳуллоҳ «Шарҳ ал-Қудурий»да: «Пора билан совғанинг фарқи шундаки, пора унга ёрдам берилиши учун берилади, совғада эса бундай шарт бўлмайди», – деганлар. Пора олиш Қуръон, суннат ҳамда ижмога кўра ҳаромдир. Қуръондаги Аллоҳ таолонинг оятларига келадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Бақара сураси 188-оятда шундай марҳамат қилган: «Бир-бирларингизни молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг». Ушбу ояти каримани тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу дегани – бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади», – деган эканлар. Гўё ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қоладигандек. Ҳолбуки, ҳокимнинг ҳукми ила ҳалол ҳаром бўлиб қолмайди ҳаром эса ҳалол бўлмайди. Балки ҳамма нарсани кўриб билиб турувчи Аллоҳнинг ҳукми билан ҳалол ёки ҳаром бўлади. Ҳоким ҳамма нарсани кўра олмайди, била олмайди. У сиртдан кўрганига, талашаётганларнинг гапига, уларнинг ҳужжатига қараб ҳукм чиқаради. Имом Бухорий Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мен бир одамман, холос. Талашганлар ҳузуримга келадилар. Баъзилари бошқаларидан кўра ҳужжатини яхшироқ кўрсатиши, мен эса унинг фойдасига ҳукм қилишим мумкин. Кимга бир мусулмоннинг ҳаққидан ҳукм қилиб берсам, у дўзах ўтидан бир бўлакдир. Хоҳласа, олсин, хоҳласа, қолдириб кетсин», – деганлар.
Таниқли ҳанафий олими ва фақиҳи, машҳур «Баҳр ар-роиқ», «ал-Ашбоҳ ва-н-назоир» асарлари муаллифи Зайн ал-обидин (Зайниддин) Ибн Нужайм ал-Мисрий ал-Ҳанафий (1519-1563) раҳимаҳуллоҳнинг мазкур «Пора ва унинг турлари» рисоласи унинг «ар-Расоил аз-зайниййа фий фиқҳ ал-ҳанафиййа» номли рисолалар тўпламида
поранинг баёни, унинг турлари ҳақидаги қисқача рисола бўлиб, унинг заминида қозига олиш жоиз бўладиган ёки умуман мумкин бўлмайдиган нарсалар, поранинг ҳалол ва ҳаром бўладиган ҳолатлари тўғрисида ҳам сўз юритилади. Шунингдек, пора билан ҳадиянинг орасидаги фарқ ҳақида, пора олганда унинг эгаси ким бўлиши ҳақида, пора олувчиларнинг таъзирини бериб қўйилганда, ошкора ҳаммага маълум қилиниши борасида ҳам сўз юритилган. Поранинг икки хил маъноси бор, Унинг луғавий ва истилоҳий маънолари. Луғатда поранинг маъноси ширинкома – ҳақ, мукофот.
«Ал-Қомус»да «ришват» («пора»)нинг мисоли ширинкома экани айтилган. «Рашааҳу» дейилса, унга бирор нарса берилганини айтилади. «Ирташаа» эса ўша нарсани олганни айтилади. «Истаршаа» эса бирор нарса талаб қилганни айтилади.
«ал-Мисбоҳ»да «ришват» «ро»нинг касраси билан бирор шахснинг унинг фойдасига ҳукм қилиши ёки унинг истаганини амалга ошириши учун ҳокимга ёки бошқа бировга бирор нарсани берганига айтилади, дейилган.
Пора олиш Қуръон ва суннат ҳамда ижмоъга кўра ҳаром. Қуръонда Аллоҳ таолонинг сўзи бор: «Ораларингиздаги моллларингизни бекордан бекор еманглар!». Босқинчилик, судхўрлик, қимор каби ботил, бекор ва пуч нарсага шариат рухсат бермаган. Аллоҳ таоло бундай деган:
«Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!» (Бақара, 188).
Ал-Ҳалвоний раҳимаҳуллоҳ: «Пора – челакни қудуққа сув тортиб олиш учун махфий тарзда тушириш маъносида», деганлар. Яъни, пора берувчи ноҳақ равишда мол-дунё ейишга ҳукм чиқартириш мақсадида ўз порасини махфий равишда ҳокимга беради. Поранинг суннатда ҳаром қилинганига келсак, бу борадаги ҳадислар жуда кўп. Улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу қарғишларидир: «Пора берувчига ҳам, пора олувчига ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин!». Яна ул зоти бобаракот: «Пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам, иккови орасида юриб порада воситалик қилувчини ҳам Аллоҳ лаънатласин!», деганлар.
Қадимда ҳадя – яъни, совға ҳам қози учун пора каби бўлган. Ҳадя фойда олиш ниятида бўлса, икки тарафдан ҳам ҳаром бўлади. Кимки қозининг олдига келиб, унга ҳукм ўқмасдан туриб ҳукм чиқариши учун ёки ҳукм ўқиганидан кейин бирор нарса берса, берувчи ҳаром ишни қилган бўлади. Агар қози буни қабул қилмаса ва унга таъзир бериб қўйишни хоҳласа, қозига шу ишни қилиши мумкин бўлган. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ёлғон гувоҳлик берган кимсани бозорларда оламонга ошкора қилдириш ила таъзирини берилади, деган. Бошқа нарса қилинмайди. Икки имом (Абу Юсуф ва Муҳаммад) эса оғритиб урилади ва ҳибсга солинади, деганлар.
Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу Шомдаги амалдорларига ёлғон гувоҳлик берган кимса борасида мактуб йўллаганлар. Унда қирқ дарра уриш, юзини қорага бўяш, сочини қириб олиб ташлаш ва ҳибсда узоқ муддат ушлаб туриш жазоларини бирданига тайинлаган. Абдурраззоқ раҳимаҳуллоҳ ўз «Мусаннаф»ида ривоят қилганларки, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу ёлғон гувоҳлик берган кимсанинг юзини қорага бўяш, салласини бўйнига ўраб ташлаш ва уни овулларда айлантиришга буюрганлар.
Хуллас таъзир беришда ҳад жазосигача олиб борилмаса, жамиятда ҳеч – қандай ижобий ўзгариш бўлмайди. Чунки, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг фикрлари мана шундай бўлган. Ушбу замонда пора кўпайиб кетгани боис уни озайтириш мақсадида шу ишни қилиши керак. Мана шунинг оқибатида пора берувчи ёки порахўр тавба қиладилар. Ёлғон гувоҳлик берувчилир ёки шу каби таъмагир жиноятчилар аламли ва шармандали жазо муқарарлигини балки хис этарлар деб фикр юритган.
Азалдан-азал қалби тоза инсонлар порахўрлик билкан курашиб келишган ва адолат йўлида қурбон бўлишган. Шуларнинг орасида Абдулла Қодирий ҳам бўлган. Мана унинг романидан бир парча.
Бир вақт Худоёр, “одил подшоҳ” бўлмоқ ниятида мазкур уч мирзони маҳфий равишда вилоятларга жўнатиб, уларга: “Золим бекларим, порахўр қози ва бошқа амалдорларим бўлса, менга билиб берингиз, мен уларнинг жазоларини бераман”, деб буюради. Сайидхон, мулла Сиддиқ ва Мўминжон – бу учави вилоят, туманларда неча вақт маҳфий кезиб, бек, қози, умуман, мансабдорларни текшириб чиқадилар. Уларнинг тўғри баҳо беришлари натижасида маъмурлардан қарийб тўқсон етти фоизи золим ва порахўр кўрсатилардирлар. Хон бу ҳолга ҳайрон бўлиб, ўрдадан бир неча кишиларга сирни очади. Бу кишилар бояғи уч мирзонинг рақибларидан бўлиб, хонга иғво қиладиларким: “Мирзолар ўзларига пора бергучиларни яхши кўрсатиб, бермагучиларни ёмон кўрсатадирлар. Йўқса сизнинг овони адолатингизда шунчалик ёмонлар бўладими? Бу қўрнамаклар нафс сўзига кириб, жанобингизнинг аксар содиқ қулларингизни сиздан юз ўгиришларига ва салтанатингизга раҳна солишға сабабчи бўлмасинлар”, деб. “Одил подшоҳ” бу иғвога лаққа учиб мазкур уч мирзонинг қулоқ-бурунларини кесиб, ўзларини ўрдадан ҳайдашга ва улар кўрсатган уч фоиз яхши кишиларни ҳам ишдан олишга буюрдилар. Абдулла Қодирий “Меҳробдан чаён” романидан.
Пора олган ҳам, уни берган ҳам дўзахийдир. Муқаддас динимизнинг ушбу қатъий ҳукми коррупция иллати барча замонларнинг «бош оғриғи» бўлиб келганидан далолатдир. Сенат раисининг қайд этишича, бугунги кунда инсониятнинг аксарияти жаҳон урушлари, бутун бошли халқлар ҳаётига хавф солувчи эпидемиялар, ибтидоий даврга хос қолоқлик каби мудҳиш хатарлардан маълум маънода узоқлашган бўлса-да, ҳанузгача ўз кўлами ва миқёси жиҳатидан бу хатарлардан кам бўлмаган иллатлардан халос бўлгани йўқ. Ана шундай иллатлардан бири эса коррупциядир.
Зотан, барчанинг якдил хулосасига кўра, коррупция жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва қонун устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, ислоҳотларга тўсқинлик қилиб, жамият тараққиётини ортга суради. Оқибатда ҳаёт сифати ёмонлашиб, одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисаларнинг илдиз отиши учун шароит юзага келади.
БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё иқтисодиёти коррупциядан 2,6 трлн. доллар зарар кўрмоқда. Бу жаҳон ялпи маҳсулотининг тахминан 5 фоизини ташкил этади. Пора миқёси 1 трлн долларни ташкил этмоқда. Бу эса, эҳтиёжманд халқларга берилаётган гуманитар ёрдамдан 10 баравар зиёд экан жирканч иллат кўлами нақадар кенглигига яққол исботдир. Коррупциянинг энг хатарли жиҳати шундаки, унинг илдизлари жуда олис тарихга бориб тақалади ва у айрим тоифадаги одамлар, айниқса, давлат хизматидаги баъзи мансабдорлар ва масъулларнинг қон-қонига сингиб кетган том маънодаги касалликдир.
УСМОНИЙЛАР ХАЛИФАЛИГИДА КОРРУПЦИЯ
Ёзма манбаларда коррупция ҳақида эрамиздан аввалги XXIV асрнинг иккинчи ярмида, Шумер подшолиги даврида эслаб ўтилган. Коррупция бизнинг кунларгача етиб келганлиги шундан далолат берадики, бошқа иллатлар каби, уни ҳам таг-туги билан йўқотиб бўлмайди. Ҳатто идеал бўлган давлатлар ҳам коррупциядан халос бўлолмаган. Юқорида такидлаганмиздек Қуръони каримни Бақара сураси, 188 – оятида «Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг» дейилган, лекин шунга қарамай, порахўрлик халифаликда ҳам мавжуд бўлган.
Бу тарихан Аббосийлар сулоласи вакиллари ҳокимлик қилишни ислом давридан олдинги Эрон ҳукмдорлари – Сосонийлар давлат хизмати тажрибасига эга бўлган исломни қабул қилган эронийлар устунлик қилган амалдорларга топшириб қўйганлиги билан боғлиқ. Дастлабки паллаларда халифа турли идоралар фаолиятини шахсан назорат қиларди, лекин вақт ўтиши билан бу ишни ўзига яқин одам бўлган – аввал халифанинг турли ишлар бўйича шахсий ёрдамчиси бўлган вазирга топшириб қўйди. Вақт ўтиши билан вазирлар кенг тармоқли давлат аппарати шакллантирдилар. X асрнинг ўрталарига келиб, у ёки бу лавозимга тайинланиш учун амалдорлар томонидан вазирларга пора бериш мунтазам амалиёти шаклланиб бўлганди. Бундан, масалан, халифа Муқтадирнинг вазири бўлган Убайдуллоҳ Ҳоқоний (926 йил вафот этган) амалдорларни турли лавозимларга тайинлаш ва олиб ташлашда фаол фойдаланган. Пулга қаттиқ муҳтожлик сезаётган давлат солиқлар тўплашни хусусий шахсларга топшириб, бу улар томонидан турли суистеъмолларга олиб келарди. Масалан, улар солиқ миқдорини ошириш учун уни ҳосилни оширилган ставка бўйича баҳоларди; солиқлар тўланмагунга қадар мевалар ва дон ҳосилини йиғиб олишга рухсат бермасди, қарзни ундиришни эса кечиктирарди ва деҳқонлар ҳосилнинг ҳалок бўлмаслигини кўзлаб, солиқ йиғувчилар тезроқ солиқ ундириши учун уларга пора беришга мажбур бўларди.
Бу ҳолат Усмонлилар салтанатида ҳам истисно эмасди. 1763-1764 йилларда усмонийларнинг Пруссияда элчиси, кейинчалик эса салтанатнинг ташқи ишлар вазири бўлган Расми-эфенди порахўрликнинг айрим турларига тавсиф берган: «…яничарларнинг ҳар битта мингбошиси қўлида рўйхати номма-ном ёзилган мингта аскар бўлган ва у ҳар ой давлат ғазнасидан тўлиқ миқдорда минг кишилик маош олишни одат қилиб олган, гарчи унинг аскарлари бунинг ярмини ташкил қилмаса ҳам. Фараз қилайлик, «минг» бу «беш юз»га тенг. Қирқ кундан кейин бу беш юздан тўрт юзи овқат излаб топиш баҳонасида тарқалиб кетади. Мингбошининг қўл остида нари борса юз нафар хизматчи бўлади, у ишёқмас эса минг кишига маош берилишини талаб қилади: унга пул билан тўлайсанми ёки пул ўрнига омборлардан дон олишга кўндирасанми, барибир ғазнада бир чақа ҳам қолмайди. Баҳслашаман деб кўр-чи, – бу одамлар дарров дод-вой сола бошлайди: “Вазир – аҳмоқ! Бош ғазначи – муттаҳам! Қўшин мирзоси, яничарлар оғасининг рўйхати – тўғри, адолатли ҳужжат! Барча тўловлар ва таътиллар у бўйича амалга оширилиши лозим. Ким унинг тўғрилигига шубҳа билдириши мумкин?”…
Қўшинни озиқ-овқат билан таъминлаши лозим бўлган интендантлар эса қуйидаги равишда ўғрилик қиларди: «Сухари тайёрлаш учун квартирмейстерлар омборларда қирқ йиллаб ётган ва оҳакка ўҳшаб кетган эски унни ва шу ернинг ўзидан топилган, ранги қора ер билан бир хил бўлган эски сухариларни олиб, уларни бир-бири билан аралаштирарди, янги ун қўшарди ва ҳамма станцияларда омборлар ва нон печлари ерга қурилган эканлиги сабабли хамирга исталганча тупроқ қўшиш учун узоққа боришнинг ҳам кераги йўқ эди. Тупроқдан нон ёпиб бўлмайди! Халққа бериладиган нон қуриган лойга ўхшаб кетарди. Бошқа илож йўқ эди: мажбуран шу сухарилар билан овқатланишга тўғри келарди; ўн кун шу сухаридан еган одамлар Хан-тепесида бу дунёдан кўз юмиб, янги қазилган гўрларга ётарди ва абадий уйқуга кетарди. Улар жамоаларига ўзи ҳақида хабар бермай қўйгач, ўнбошилар ва рота қўмондонлари тиловат тушириб ўзларича: “Уларнинг маоши бизга қолади! Улар – шаҳидлар!…. бечоралар ғайридинларга қарши урушга йўл олган ҳолда ҳалок бўлди!” деб айтарди.
XVI асрда усмонийлар империясида илтизомга берилган солиқлар тўплаш билан оммавий суистеъмоллар бошланди. Аслида қанча солиқ тўпланганини назорат қилишнинг имкони йўқ эди. Солиқларни тўпловчи давлатга аниқ белгиланган бир суммани топширарди, холос. Бундан ташқари, давлатдан фойдаланиш учун ер – тимар оладиган ҳарбий хизматчи сипоҳилар шу билан бирга бу ерларда ишлайдиган деҳқонлардан солиқ тўплаш ҳуқуқини ҳам қўлга киритарди. Шунингдек, тимарлар бир қисмига сипоҳилар уларнинг миқдори аниқ белгилаб қўйилган турли айблар учун жарима саналган «ҳаво солиғи» (бад-и-хава) ундириш ҳуқуқига эга бўлган.
Султон Мурод III ҳукмронлик қилган даврда (1574-1595) тимарларни тақсимлашдаги суистеъмоллар энг авжига чиққан. Турли провинциялар губернаторлари (бейлербей ва санджакбей) уларни бу ҳуқуққа эга бўлмаган шахсларга ҳам пора эвазига тарқатиб юборарди.
Тимарлардан солиқ тўплашни музд эвазига бериш ҳаракатлари шунга олиб келдики, ер майдонларида ишлайдиган деҳқонлар «откуп(музд)»чилар ўзбошимчалигининг қурбонига айланди. Бу суистеъмол ҳолатларини ҳаттоки Усмонийлар салтанати шайхулисломлари чиқарган махсус фатволар ҳам бартараф қила олмади. Аста-секинлик билан сипоҳилар ҳарбий юришларга бормай қўйди, уларга тақдим этилган ерларда муқим қолиб, амалда давлат мулкини шахсий мулк қилиб олди. Давлат эса, ўз навбатида, буюк вазирлар тимсолида кўнгилсиз реакциядан хавфсираган ҳолда ҳарбийлар билан тўқнашувга боришдан қўрқарди. Усмонийлар салтанатида порахўрлик оқибати шу бўлдики, қўшинлар ҳарбий тайёргарлигини йўқотди, натижада 18-аср охири ва 19-аср бошларида қатор мағлубиятларга учраб, бу давлатнинг қудратига путур етказди.
Сўзимизни Имом Заҳабий шундай қуйидаги ўгитлари билан якунлаймиз. “Эй инсон сен ер юзига йиғлаб келдинг ота-онанг сени хурсанд бўлиб кутиб олдилар, Эй инсон энди сен бу дунёдан кетмасингдан олдин жамият, халқ, дин, давлат, ота-она ва фарзандлар олдидаги бурчларингни мукаммал адо қилиб қўйгинки, кетар чоғингда сен кулиб кетгин, қолганлар эса, қандай яхши инсон эди-я деб орқангдан йиғлаб қолсинлар.