Шарғун кўмир конида механизациялаштирилган қазиб олиш технологияси жорий қилинмоқда
660 ko'rishlar

Шарғун кўмир конида механизациялаштирилган қазиб олиш технологияси жорий қилинмоқда

Жорий йилнинг 25 апрел куни Сурхондарё вилояти ҳокими У.Б.Қосимов Сариосиё туманига ташрифи давомида “Шарғункўмир” АЖга ташриф буюриб кўмир кони фаолияти ва конни модернизация қилиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

У.Қосимов ташриф жароёнида механизациялаштирилган қазиб олиш технологиясининг жорий қилиниши афзалликлари ва самарадорликлари билан қизиқди. Шу ернинг ўзида конда механизациялаштирилган кўмир қазиб олиш технологиясини жорий қилиш лойиҳаси ҳақида мутасаддилар томонидан ахборот берилди. Механизациялашган гидравлик мустаҳкамлагич нафақат хавфсизликни та‘минлайди, балки, шу билан бирга кўмир қатламини бутунлай қазиб олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун гидравлик мустаҳкамлагичлар лаванинг шифт қисмига босим беради. Шифтдаги кўмир қатлами деформацияга учрайди ва кўмир ташқи занжирли конвейр орқали ташувчи лаҳимга чиқиб кетади. Бу мустаҳкамлагичлар юқори кон босимини ҳам ушлаб тура олади.

Шарғун шахтасини механизациялашган комплекс орқали қазиб олиш усулининг яна бир афзаллиги бу юқори унумдорликдир. Бунинг учун механизациялашган комплекс таркибидаги кўмир қазиб олувчи комбайндан фойдаланилади. Комбайн – махсус иш бажарувчи органлари ёрдамида кўмирни массивдан ажратиб олиб, бир йўла ташиш ва юклашга қулай катталикдаги бўлаклар даражасида бурдалаб берадиган қазиш машинаси. Кўмир жинси юқори мустаҳкамликка эга бўлмагани учун уни техникалар билан ҳам қазиб олса бўлади. Қазиб олувчи комбайн лава бўйлаб ҳаракатланиб кўмир қатламининг ма‘лум қисмини қазиб олади. Комбайн кўмир қатламининг қуйи қисмини қазиб олади. Қазиб олиш учун ишчи ғилдираклар билан жиҳозланган бўлади.

Тошкўмир қатламини механизациялашган комплекс билан қазиб олишнинг афзалликлари:

–              қазиб олишнинг юқори унумдорлилилги;

–              ишчиларнинг юқори даражада хавфсилик билан таъминланиши;

–              кўмир қазиб олишда кам даражадаги йўқотилиш;

–              кўмирни бутун қатлами билан қазиб олишнинг қулайлиги;

–              лавада ишлайдиган ишчиларнинг минимал даражада камлиги.

Кон фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қиладиган лойиҳалар юзасидан вилоят раҳбари ўзининг таклиф ва тавсияларини берди.

Шунингдек, очиқ усулда қазиб олинаётган кўмирни вилоятдаги ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш бўйича мавжуд салоҳиятни инобатга олган ҳолда чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилди.