Сенат 30 апрел куни Конституция бўйича референдум ўтказишни маъқуллади 
296 ko'rishlar

Сенат 30 апрел куни Конституция бўйича референдум ўтказишни маъқуллади 

(ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҚОНУНИНИНГ ЛОЙИҲАСИ)

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 14 март куни бўлиб ўтган мажлисда янги таҳрирдаги Конституция тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги қарорни маъқуллади. 

83 сенатордан 80 нафари қарорни қўллаб-қувватлади, 1 нафари бетараф қолди, 2 нафари эса овоз бермади.

30 апрель куни умумхалқ референдуми ўтказилиши режалаштирилган. Конституция тўғрисидаги қонун уч кун ичида матбуотда эълон қилиниши керак. Сайлов бюллетенида «Сиз «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?» деган савол бўлади.

Янги Конституция лойиҳасига кўра, давлат ҳокимиятининг бир қатор лавозимлари, жумладан, Қонунчилик палатаси спикери, Сенат раиси, вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлар кенгаши раиси, ҳоким, олий суд раиси ва раис ўринбосари, судьялар олий кенгашининг раиси ва ўринбосари, МСК раиси ва бош прокурор лавозимларига айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ сайланиши ёки тайинланиши мумкин эмас.

Конституциявий қонунга мувофиқ илғор хорижий тажрибани инобатга олиб, Бош вазир номзодини кўриб ва маъқуллаш ваколати Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига ўтказилмоқда. 

“Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институтини тугатиш тўғрисидаги норма ҳокимларнинг халқ вакиллари олдида масъулиятини оширишга хизмат қилади”, дейди сенатор Наримон Умаров.

kun.uz ва meningkonstitutsiyam.uz сайтлари маълумотлари асосида тайёрланди