Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисидаги маълумотлар

Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш
тўғрисидаги ахборот

Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабар акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида етти кундан кечиктирмай, лекин узоғи билан ўттиз кун олдин жамиятнинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади, шунингдек акциядорларга электрон почта орқали юборилади.
Жамият давлат вакилини акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида етти кун олдин ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.
Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабарда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
жамиятнинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ва электрон почта манзили;
умумий йиғилиш ўтказиладиган сана, вақт ва жой;
жамият акциядорларининг реестри шакллантириладиган сана;
умумий йиғилиш кун тартибига киритилган масалалар;
умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда акциядорларга ва давлат вакилига тақдим этилиши лозим бўлган ахборот (материаллар) билан акциядорларни ва давлат вакилини таништириш тартиби.
Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда акциядорларга ва давлат вакилига тақдим этилиши лозим бўлган ахборотга (материалларга) жамиятнинг йиллик ҳисоботи, жамиятнинг йиллик молия-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари юзасидан жамият тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ва аудиторлик ташкилотининг хулосаси, жамият кузатув кенгашининг директор (бошқарув раиси), ишончли бошқарувчи билан тузилган шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш, шартномани қайта тузиш ёки бекор қилиш мумкинлиги тўғрисидаги хулосаси, шунингдек жамиятнинг кузатув кенгаши ҳамда тафтиш комиссияси аъзолигига (тафтишчилигига) номзодлар тўғрисидаги маълумотлар, жамиятнинг уставига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар лойиҳаси ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги устави лойиҳаси киради.
Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда акциядорларга ва давлат вакилига тақдим этилиши мажбурий бўлган қўшимча ахборотнинг (материалларнинг) рўйхати қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланиши мумкин.

Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга
тайёргарлик кўриш

Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда жамиятнинг кузатув кенгаши, ушбу Қонун 65-моддасининг ўн биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда эса, умумий йиғилишни чақирувчи шахслар қуйидагиларни белгилайди:
умумий йиғилиш ўтказиладиган сана, вақт ва жойни;
умумий йиғилишнинг кун тартибини;
умумий йиғилиш ўтказиш учун жамият акциядорларининг реестри шакллантириладиган санани;
умумий йиғилиш ўтказилиши ҳақида акциядорларга ва давлат вакилига хабар қилиш тартибини;
умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда акциядорларга ва давлат вакилига тақдим этиладиган ахборот (материаллар) рўйхатини;
овоз бериш бюллетенининг шакли ва матнини.
Аниқ масала қўйилишини акс эттирмайдиган таърифларнинг (шу жумладан, «турли масалалар», «бошқа масалалар», «ўзга масалалар» ва шу сингари таърифларнинг) акциядорларнинг умумий йиғилиши кун тартибига киритилишига йўл қўйилмайди.
Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган сана уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кам ва ўттиз кундан кўп этиб белгиланиши мумкин эмас.