Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наврўз байрамига ТАБРИГИ

Азиз ватандошлар!

Она диёримизга барчамиз орзиқиб кутган, гўзал ва дилбар фасл – Наврўзи олам кириб келмоқда.

Ана шу улуғ айём – шарқона янги йил билан каттаю кичик барча юртдошларимизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Мана шу қутлуғ кунда сиз азизларга, сиҳат-саломатлик, баxт ва омад, оилаларингизга тинчлик-ҳотиржамлик, файзу барака тилайман.

Мухтарам дўстлар!

Бу йилги Наврўз байрами барча шаҳар ва қишлоқларимизда умумxалқ сайиллари тарзида ўтаётгани унга ўзгача файз ва шукуҳ бағишламоқда.

Наврўз руҳи ва фалсафаси Xалк билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ғоя ва мақсадлари билан уйғун ва ҳамоханг равишда намоён бўлмоқда.

Эл-юртимиздаги азиз инсонлар бир-бирларини қутлаб, дала ва қирлар, боғ ва майдонларда Наврўз байрамини шоду xуррамлик билан нишонламоқдалар. Дошқозонларда сумалаклар пишириб, дастурxонларга баҳор неъматларини тортиб, сайил-томошалар қилмоқдалар. Шу ёруғ кунларга етказгани учун шукроналар айтмоқда.

Ўзаро меҳр-оқибат, саҳоват ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни ёқлаш, ногиронлар, ёрдамга мутож инсонлар ҳолидан xабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда.

Ҳурматли юртдошлар!

Бугун фидойи деҳкон ва фермерларимиз катта орзу-умид билан янги мавсумни бошламоқдалар. Барчамиз уларни чин дилдан табриклаб, йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, деб энг эзгу тилакларимизни билдирамиз.

Наврўзи олам Ватанимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари учун, бутун xалқимиз учун энг суюкли байрамдир.

Бугун биз юртимизда мана шундай қутлуғ байрамни нишонлаш баробарида, бутун дунёда тинчлик ва ҳотиржамлик бўлишини, узоқ ва яқин барча давлатларнинг xалқларига тараққиёт, фаровонлик ҳамда равнақ тилаймиз.

Азиз ва мухтарам ватандошларим!

Барчангизни Наврўз айёми билан яна бир бор табриклаб, ўзимнинг қалбимдаги энг самимий тилакларимни изҳор этаман.

Наврўзи олам юртимизга тинчлик-омонлик, баxту саодат, қут-барака олиб келсин!

Ҳар бир оила, ҳар бир xонадонда яxши кунлар, тўй-томошалар кўп бўлсин!

Барчамизнинг эзгу орзу-ниятларимиз ушалсин!

Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, xалқимиз омон бўлсин!

Наврўз байрами барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Translate »