Close
Close

Шарғунда дўкони бузилган тадбиркор: ҳокимлик ва банк унга нима деяпти-ю, адлия бўлими нима қилмоқчи?

Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Шарғун шаҳарчасида истиқомат қилувчи, «Умар Шамс Файз» хусусий корхонаси раҳбари Шамшир Умаровдан таҳририятимизга қонуний ҳуқуқларига дахл қилинаётгани борасида мурожаат келиб тушди ва Kun.uz мухбири мурожаатни жойига чиқиб ўрганди.

Яқинда президент қарори билан республика бўйсунувидаги шаҳарчага айлантирилган Шарғунда айни пайтда кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 1973 йилда ташкил этилган шаҳарчанинг кўчалари кенгайтирилмоқда. Янги турар жойлар барпо этилмоқда, мавжудлари таъмирланиб, муҳандислик коммуникация тармоқлари ўтказилмоқда.

Жумладан, Ш.Умаровга тегишли, Шарғун шаҳарчасининг Боғ кўчаси 90-уй манзилида жойлашган дўкон ҳам бузилиб, уларнинг бир қисми кенгайтирилаётган йўл учун давлат ихтиёрига ўтказилмоқда.

«Мен тадбиркорлигимни йўлга қўйиш учун «Саноатқурилишбанк» Шарғун бўлимидан катта миқдорда кредит олганман. Менга йўлни кенгайтириш учун давлат ихтиёрига олинаётган жойим эвазига ҳеч қандай компенсация тўланмаяпти ёки бошқа ер майдони берилмаяпти. Боз устига банк гаровга қўйилган дўконим бузилгани учун янги гаров талаб қилмоқда. Менда гаровга қўядиган бошқа нарсанинг ўзи йўқ.

Айни пайтда мен орқадаги ҳовлимдан айрим хоналарни мослаштириб, бутунлай касод бўлмаслик учунгина савдо дўконимни юритиб турибман. Лекин рости, жуда қийналяпман.

Менинг тасарруфимдаги жойда эса ҳокимлик тасдиқлаган фасад бўйича икки қаватли дўкон тиклашим ҳам керак экан. Ўзи эски дўкон ўрнидан 3,7 метр кенгликда жой қолди. У ерга икки қаватли дўкон тиклаб бўладими? Яхшиямки дўконнинг орқа тарафида ҳовлим жойлашган. Мен ҳовлимни қисқартириш эвазига дўкон ҳам тикларман. Лекин бунинг учун менга Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил №97-сонли қарори талабларига кўра, давлат ихтиёрига ўтаётган жойим эвазига компенсация тўлаб беришини талаб қиламан.

Аммо менинг талабларимга қулоқ соладиган мутасадди топилмаяпти. Майли, мен маблағ топиб янги дўконни ўзим ҳам қурарман. Лекин ҳеч бўлмаганда банкдаги кредит тўловини музлатишга ҳам Сариосиё туман ҳокимлиги ёрдам бермаяпти. Мени ўз аҳволимга ташлаб қўйишмоқда. Боз устига, туман ҳокимлиги мутасаддилари «янги икки қаватли дўконни тезроқ қурсанг қурдинг, бўлмаса қўлидан келадиган бошқа тадбиркорга олиб бераман», дейишмоқда. Фақат гаров топсам 16 фоизлик кредит олишга туман ҳокимлиги ёрдам бериши мумкин экан. Лекин менда гаровга қўйса бўладиган мулкнинг ўзи қолмади», — дейди Ш.Умаров.

Биз «Саноатқурилишбанк» Шарғун шаҳар бўлимида ҳам бўлдик. Дарҳақиқат, «Умар Шамс Файз» ХК маълум миқдорда кредит олганини тасдиқлаган банк мутасаддилари тадбиркор томонидан кредит тўлови кечиктирмасдан тўлаб келинаётганини айтиб ўтишди. Бироқ, кредит тўловини музлатиш, кечиктириш шартнома шартларида кўрсатилмаганини, кредит учун гаров таъминоти бузилганида тадбиркор бошқа гаров тақдим этиши зарурлиги ҳам шартномада кўрсатиб ўтилганини таъкидлашди. Тадбиркорга банк ўз ваколати доирасида доимо ёрдам беришга тайёрлигини, хусусан, шу тадбиркорнинг ЯТТсига истеъмол кредити расмийлаштириб беришганини ҳам айтиб ўтишди.

Эртаси куни тадбиркор ҳузурига туман адлия бўлими бошлиғи Абдуғаффор Шарипов келиб, тадбиркор Г.Умаровга тегишли дўконнинг «қизил чизиқ»қа қанчаси чиққани, олди-сотди ҳужжатларида кўрсатилган ва тасдиқланган жойдан қанчаси бузилиб, давлат ихтиёрига ўтганини аниқлаш учун мутахассис жалб қилиб, бошқатдан ўлчатишини айтиб ўтди.

— Бу уй-жойлар ўтган асрнинг 70-йилларида лойиҳалаштирилганида барчаси ҳисобга олиниб, жой ташлаб барпо этилган. Кейинчалик, ўша «қизил чизиқ» бузилиб, қайта қурилган бўлиши мумкин. Биз ўша эски бошланғич лойиҳаларни архивдан топиб, барчасига аниқлик киритамиз, — деди А.Шарипов.

Шу пайт бинонинг эгаси Ш.Умаров бу бино ҳеч қачон қайта қурилмагани, энг бошида қандай қурилган бўлса шу кунгача шундай сақланиб келинганини айтди.

— Бу ерда барча нарса Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 97-сонли қарорига кўра амалга оширилиши керак, — деди А.Шарипов тадбиркор Ш.Умаровга. — Туман адлия бўлими тадбиркорнинг қонун доирасида манфаатларини ҳимоя қилиб беради. Хуллас, бор ҳужжатлар билан яқиндан танишиб чиқайлик. Мутахассис ўз хулосасини беради. Шуни асос қилиб мен ҳокимлик билан гаплашаман. Ҳозирдан нималар бўлишини аниқ айта олмайман. Агар сизнинг ҳақлигингизни асослай олсак, судга сизнинг манфаатингизни кўзлаб даъво аризаси киритамиз. Ёки, судга қадар ўзаро келишув билан ўртадаги низога нуқта қўярмиз.

Туман адлия бўлими бошлиғининг сўзларини эшитгач, қолаверса Kun.uz ҳам келиб мурожаатини ўрганаётганини кўрган тадбиркор анча енгил тин олди. Унинг мурожаатлари беэътибор қолиб кетмаслиги, унга етказилган зарарлар қоплаб берилишидан умид борлигини ҳис қилиб, бироз бўлса-да тушкун кайфиятдан халос бўлди.

Биз эса туман ҳокимлиги мутасаддилари бу борада адолатлироқ бўлишларини, мавжуд қонунчилик нормаларига амал қилишларини сўраб қоламиз. Мазкур масала қандай ечим топгани ҳақида албатта келгусида яна бир марта маълумот берамиз.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири